Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Бюронинг ҳудудий бўлимлари иш юритувидаги солиқ қарздорликларини ундириш ҳақидаги ижро ишлар бўйича қарздорларнинг номларида 17 та BYD русумли автомашиналар борлиги аниқланган.
Шу сабабли, бошқарма томонидан Бюронинг ҳудудий бўлимларига қарздорларнинг номларида аниқланган ушбу автотранспорт воситаларини зудлик билан хатлаш ва реализация қилиш кераклиги тўғрисида топшириқ берилган.
Шунга кўра, ушбу автомашиналар тегишли тартибда хатловга олиниб, махсус автотураргоҳларга жойлаштирилган.
Масалан, Бюронинг Хўжайли туман бўлими иш юритувида мавжуд бўлган, Хўжайли туман Давлат солиқ инспекцияси қарорларига асосан, қарздор “М.Ж.А” фермер хўжалигидан 69,2 млн. сўм солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган.
Берилган топшириққа асосан, қарздорга тегишли “BYD” русумли автотранспорт воситалари тегишли тартибда хатловга олинган.
Қарздорларга юзага келган солиқ қарзи бартараф этилмаса, хатланган мулклар аукцион савдосига чиқарилиши ҳақида огоҳлантиришлар берилган.
Шу каби қарздорлар ва уларнинг мол-мулки ҳисобидан ундирилган пул маблағлари давлат бюджетига йўналтириладиган бўлиб, бу эса ўз навбатида ижтимоий соҳанинг барқарорлигига ўз таъсирини ўтказади.
Бу борадаги тадбирлар давом этмоқда.