Ғарб билан санкциялар урушини олиб бораётган Россия ҳукумати айни пайтда 30 дан ортиқ “дўст” ва нейтрал давлатлар рўйхатини расман тасдиқлади, деб хабар бермоқда Intell News нашри.
Рўйхатга дўст банклар ва брокерлар ҳам киритилган бўлиб, уларга Россия валюта бозори ва деривативлар бозорида эркин савдо қилиш ҳуқуқи берилади. Халқаро молия оламида муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжат Россия бош вазири Михаил Мишустин томонидан имзоланган ва эндиликда у ҳукуматнинг расмий веб-сайтида оммага эълон қилинди.
Рўйхат анъанавий иттифоқчилар ва Россияга нисбатан нейтрал позицияни эгаллаган, шунингдек, халқаро санкциялар режимидан воз кечган турли давлатларни ўз ичига олади.
Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби собиқ совет республикалари шулар жумласидандир.
Африка давлатлари, жумладан, Жазоир, Марокаш ва Жанубий Африка Республикаси каби мамлакатлар ҳам рўйхатда бор. Кремль ушбу давлатлар билан Совет даврига хос тарзда яхши муносабатларни сақлаб қолмоқда. Африка давлатлари Москвадан металл, минераллар, дон, нефть, ядро технологиялари ва қурол-яроғ олишга умид қилмоқда. Июль ойи охирида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган иккинчи Россия—Африка саммитида АҚШнинг Москвадан узоқ туриш ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, 2019 йилда ўтказилган биринчи саммитдан кўпроқ давлатлар қатнашди. Россия Африка мамлакатларини “қўллаб-қувватлашни кучайтириш” йўлида муҳим қадамлар қўйди, бу борада Ғарбнинг ҳаракатлари, айниқса, мустамлакачилик муносабати туфайли бир мамлакатдан бошқа мамлакатга сиқиб чиқарилаётган Франциянинг ҳаракатлари беқарор, дейилади нашр хабарида.
Россия, шунингдек, BRICS+ лойиҳаси доирасида Осиё, Жанубий Америка ва Яқин Шарқда ўз таъсирини муваффақиятли кенгайтирди, шунингдек, дунёнинг бошқа йирик нефть ишлаб чиқарувчилари билан муносабатларни кучайтирди. BRICS+ глобал нефть қазиб олишнинг учдан икки қисмини назорат қилади. Ҳиндистон ва Хитой каби таниқли BRICS давлатлари ҳам BRICS+ клубининг янги аъзолари сифатида рўйхатга киритилган.
Россиянинг дўст ва нейтрал давлатлар рўйхатида қуйидагилар бор:
Россияда “дўст бўлмаган” давлатлар рўйхати ҳам мавжуд — бу Москвага қарши санкциялар қўйган ёки уларни қўллаб-қувватлаган мамлакатлардир. Ҳозирги вақтда ушбу рўйхатга Европа Иттифоқининг барча мамлакатлари, шунингдек, Австралия, Альбания, Андорра, Буюк Британия (жумладан, Жерси, Ангуилла, Британия Виржиния ороллари, Гибралтар), Исландия, Канада, Лихтенштейн, Микронезия, Монако, Янги Зеландия, Норвегия, Корея Республикаси, Сан-Марино, Шимолий Македония, Сингапур, АҚШ, Тайван, Украина, Черногория, Швейцария ва Япония киради.
Июнь ойида тарихда биринчи марта Петербург халқаро иқтисодий форумига етакчи ғарб оммавий ахборот воситалари вакиллари киритилмаган эди.