«Ан-Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналду «Day 1s» номли илк сериали ишлаб чиқариш жараёни бошланганини маълум қилди. Португалиялик футболчи лойиҳа устида британиялик режиссёр ва продюсер Мэттью Вон билан ҳамкорлик қилмоқда.
«Ажойиб янгилик! Менинг биринчи сериалим «Day 1s» устида иш бошланди. Тез орада батафсил маълумот бераман», — деб ёзди Роналду ижтимоий тармоқда.
Deadline маълумотига кўра, сериал воқеалари футбол оламида кечади. Бош қаҳрамон британиялик агент Стэнли Далтон бўлиб, уни Дэмиэн Льюис гавдалантиради. Лойиҳада Роналдунинг ўзи, шунингдек, Тьерри Анри ва рэпер Dave ҳам иштирок этиши мумкин.
Суратга олиш ишлари бир неча ой аввал Лондонда бошланган. Сериалнинг премьера санаси ҳозирча маълум эмас.