Бугун 5 октябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

«Риши Сунакни тан олишмади» Бирлашган қиролликдаги парламент сайловларига нима сабаб бўлди?

«Риши Сунакни тан олишмади» Бирлашган қиролликдаги парламент сайловларига нима сабаб бўлди?

Орадан 14 йил вақт ўтиб, Лейбористлар Буюк Британияда янги ҳукумат тузади. Консерваторлар қарийб 15 йиллик ҳукмронликдан сўнг сайловда мағлубиятга учради. Бирмингҳам университетининг халқаро сиёсат бўйича тадқиқотчиси Эмол Эммануэл Kun.uz журналисти билан суҳбатда Консерваторлар учун муваффақиятсиз натижаларнинг сабабларига тўхталди.

4 июл куни Бирлашган қиролликда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилди. Унда Кир Стармер бошчилигидаги мухолифатчи Лейбористлар партияси ғалаба қозонди. Сайлов участкаларида ҳам ўтказилган сўровномалар ва экзит полл Консерваторларнинг мағлубиятини аввалдан кўрсатган эди ва шундай бўлди. Сайлов натижалари тўла эълон қилингач, амалдаги Бош вазир Риши Сунак жума куни фаолиятини якунлади ҳамда сайловчилар билан хайрлашиб, қирол Чарлз III ни ҳукумат алмашинувидан хабардор қилиш учун сарой томон йўл олди.

Бугунги кунда Британиянинг Бирмингҳам университети тадқиқотчиси ҳисобланган сиёсатшунос Эмол Эммануэлга кўра, Риши Сунак бош вазирликка сайлов ортидан эмас, аввалги ҳукумат раҳбари Лизз Трасснинг истеъфосидан кейин келган. Яъни рақибларсиз лавозимини эгаллаган Сунакни сиёсий элита тўлиқ тан олгани йўқ. Бундан ташқари ҳам Консерваторларнинг муаммолари кўп эди, дейди Эммануэл.

“Менинг ўйлашимча, уни қабул қилишмади. Буни бош вазир яхши тушунди. Чунки Риши Сунак халқ хоҳиши билан, халқ танлови билан бу лавозимни эгаллагани йўқ. У Лизз Трасснинг ҳукумат инқирози ортидан ҳеч қандай рақибларсиз бош вазирга айланганди. Мағлубиятга яна бир сабаб – миграция сиёсати. Худди мен каби иммигрантлар кўпроқ Лейбористлар томонида бўлди. Чунки Сунак бошлиқ ҳукумат мигрантларни камайтириш ва Британияни улардан тозалаш сиёсати тарафдори эди. Буни Сунак бир неча бор амалга оширишга уринди. Лейбористлар эса вазиятдан фойдаланди, халқ уларнинг айтганларига ишонди”, – Эмол Эммануэл

Бундан ташқари, Лейбористларнинг сайлов олдидан берган баъзи ваъдалари ҳам сайловчиларни овоз беришга ундаган бўлиши мумкин. Масалан, уй-жойга эгалик қилиш – бугун британияликлар учун асосий муаммолардан. Лейбористлар Буюк Британиянинг ҳар бир фуқароси уй-жойга эгалик қилишини таъминлашни ваъда қилди.

“Лондон бизнес мактабида айни мавзу юзасидан давра суҳбати ўтказилди. Биринчи навбатда кўтарилган мавзулардан бири бу – солиқлар. Лейбористлар солиқларни кўтармаймиз деяпти. Иккинчи мавзу эса – уй-жой масаласи. Лейбористларнинг сайловолди кампаниясига ишонсак, Буюк Британиянинг ҳар бир фуқароси ва бу давлатда яшовчи ҳар бир кимса уй-жойга эгалик қилиши керак.

Масалан, мен Сунак учун овоз бермадим, Лейбористларни танладим. Кейинги сабаб – Брексит. Риши Сунак ва унинг ҳукумати Брексит тарафдори эди, буни қўллаб-қувватлаб келди. Бу билан параллел равишда эса Британия ЯИМ ҳажми ҳам тушиб борди. Ҳиндистон Британияни бу борада ортда қолдириб, олдинга ўтди. Шундай вазиятда Сунак бош вазир лавозимини давом эттира олмасди”, – Эмол Эммануэл

Эслатиб ўтамиз, Лейбористлар партияси сўнгги бор 2005 йилги сайловларда ғолиб чиққанди. Парламентдаги биринчи йиғилиш 9 июл куни бўлиб ўтиши белгиланган. Унда спикер сайланади. Бир неча кундан сўнг эса янги сайланган депутатларнинг қасамёд қилиш маросими бўлиб ўтади.

Киритилди: 20:02 06.07.2024. Ўқилди: 1316 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!