Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Эндрик яна майдонга тушмади. 19 ёшли футболчи якшанба куни Ла Лига доирасида "Хетафе"га қарши кечган ва 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда ҳам захирада қолдирилди. Учрашув якунида Хаби Алонсо бразилиялик футболчини захирадан майдонга туширмоқчи эди, аммо якунда фикридан қайтди - футболчига чигалёзди машғулотларини тўхтатиш ҳақида кўрсатма берилди. Ҳужумчи ҳиссиётларини жиловлай олмади ва жаҳлдан шишани тепиб юборди, деб хабар беради Carrusel Deportivo. Мураббий буни кўрди, аммо муносабат билдирмади.
Эндрик бир ойдан кўпроқ вақт олдин жароҳатини даволаган бўлса-да, жорий мавсумда ҳали ҳам майдонга тушмади. Миш-мишларга кўра, "Палмейрас"нинг собиқ юлдузи январь ойидаёқ ижарага кетиши мумкин.