"Реал"нинг бир қатор футболчилари жамоанинг янги бош мураббийи Альваро Арбелоанинг айрим қарорларидан норози бўлмоқда.
Маълум қилинишича, сўнгги кунларда Арбелоа қабул қилган айрим қарорлар жамоа ичида ҳайрат уйғотган. Биринчи ҳолат "Бенфика"га қарши ўйинда кузатилган. Жамоа ичида Дани Себальоснинг Лиссабондаги баҳсда бир дақиқа ҳам майдонга туширилмагани тушунмовчиликка сабаб бўлган. Бу ўйинда мураббий Хорхе Сестеро хизматига устунлик берган ва футболчилар бу борада ўз муносабатини мураббийга билдирган.
Иккинчи ҳолат "Сантьяго Бернабеу"да юз берган ва Арбелоанинг матбуот анжуманига кечикишига сабаб бўлган. "Райо Вальекано"га қарши учрашувдан кейин кийиниш хонасида узоқ ва кескин суҳбат бўлиб ўтган. Унда айрим футболчилар билан мураббий ўртасида техник ва тактик масалалар юзасидан келишмовчиликлар келиб чиққан.
Шу ҳолатлар фонида "Реал" кийиниш хонасидаги кайфият Арбелоанинг айрим қарорларига нисбатан норозилик ва тактик жиҳатдан янгиликлар йўқлиги билан изоҳланмоқда. Айрим футболчилар мураббий алмашганидан кейин кўпроқ ўзгаришлар кутгани, аммо ўзларини ҳануз "Кастилья" жамоаси мураббийи қўл остида машғулот ўтаётгандек ҳис қилаётгани таъкидланмоқда.