Германия федерал разведка хизмати (BND) таҳлилига кўра, сўнгги йилларда Россиянинг ҳарбий харажатлари расмий мудофаа бюджетида кўрсатилганидан 66 фоизга юқори бўлган.
BND'нинг таъкидлашича, Россия ҳарбий харажатларни ҳисоблаш усули NATO'дан фарқ қилади. Шу боис, расмий бюджет рақамлари ҳақиқий харажатларни тўлиқ акс эттирмайди.
Масалан, Россия Мудофаа вазирлиги қурилиш лойиҳалари, армиянинг IТ-лойиҳалари ва Украинадаги уруш қатнашчиларининг оилаларига бериладиган нафақалар мудофаа бюджетида эмас, давлат бюджетининг бошқа бўлимларида ҳисобга олинган.
Шунингдек, BND Россия расмий идоралари эълон қиладиган ҳарбий харажатлар ҳақидаги маълумотлар кўпинча тўлиқ бўлмагани ёки ўзгартириб кўрсатилиши сабабли аниқ хулосага келиш қўшимча таҳлил талаб қилишини билдирди.
Берлиндаги Илм-фан ва сиёсат жамғармаси (SWP) маълумотига кўра, 2025 йил январ-сентабр ойларида Россия федерал бюджети бўйича ҳарбий харажатлар рекорд даражага етиб, 11,854 триллион рублни (154 миллиард доллар) ташкил қилган. 2023 йил билан солиштирганда Россиянинг ҳарбий бюджети 95 фоизга, 2021 йил даражаси билан солиштирганда эса 295 фоизга ошган.