Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Марказий банкка тижорат банкларининг кредит карталари бўйича амалиётларини ўрганиш ҳақида сўров юборди.
Сўнгги вақтларда айрим банклар кредит карталаридан коммунал хизматлар, таълим, тиббиёт, суғурта ёки солиқ тўловларини амалга оширишни нақд пул ечишга тенглаштириб, фоиз ёки комиссия ундирмоқда. Бу ҳолат аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган. Қўмита маълумотига кўра, ушбу амалиётлар “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг бир нечта моддаларига зид бўлиши мумкин.
Шу сабабли Қўмита Марказий банкдан:
➖ банклар фаолиятини қайта кўриб чиқишни;
➖ истеъмолчилар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда фоиз сиёсати ва комиссияларни мувофиқлаштиришни;
➖ асоссиз ундирилган пулларни қайтариш чораларини кўришни сўраган.
Қўмита бу иш бўйича қўшимча маълумотларни кейинроқ эълон қилишини маълум қилди.