Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Қўзиқорин ҳақида сиз билмаганлар…

Қўзиқорин ҳақида сиз билмаганлар…

Қадим замонлардан буён одамлар овқатланиш ҳамда касалликларни даволаш мақсадида қўзиқориндан фойдаланиб келишган. Лекин қўзиқориннинг фойдаси ва зарарли хусусиятларини ўрганиш ишлари ХХ асрга келиб бошланган. Дунёда қўзиқоринларнинг 100 мингдан ортиқ тури мавжуд. Ўзбекистонда қўзиқориннинг 100 дан ортиқ тури ўсади. Шундан атиги 25 туригина истеъмолга яроқли, яъни заҳарсиз ҳисобланади.

Қўзиқорин қуритилган, қайнатилган, қовурилган, тузланган, маринадланган кўринишда истеъмол қилинади. Ўрмон ҳудудларида яшайдиган мамлакатларда қўзиқоринни ҳатто хомлигича истеъмол қилиш усулларини ўрганиб олишган.

Антибиотик сифатида ишлатиладиган пенициллин дориси қўзиқориндан олинган. Бугун ҳам бу ўсимлик экстракти фармацевтикада кенг қўлланилади.

Ўзида гелвелат кислотаси мавжуд замбуруғлар, жумладан, вешанка ва шампиньон кабиларни олдин сувда қайнатиб, сўнг бемалол турли таомлар тайёрлаб истеъмол қилиш мумкин. Маданий шароитда етиштирилган қўзиқоринлар санитария-эпидемология хизмати лабораторияларида текширувдан ўтказилиб, зарарсиз деб топилгандан кейингина сотувга чиқарилади. Одамлар ўзи билар-билмас териб олган қўзиқоринларни овқатга ишлатишдан эҳтиёт бўлиши керак.

Қўзиқоринларнинг фойдали хусусиятлари жуда кўп. Мисол учун, бу маҳсулот иммунитетни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Улардаги лецетин моддаси томирларни тозалаш ва холестеринни камайтиришга ёрдам беради, атеросклерознинг олдини олади.

Қўзиқорин таркибида биологик антибиотик моддалар бор. Шу сабабдан фармакологияда ундан табиий антибиотиклар тайёрланади. Шунингдек, шампиньонлардан олинган бирикмалар йирингли яраларни даволашда, говорушка номли туридан олинган доривор моддалар сил касаллигига қарши препаратларда ишлатилади. Ёмғирдан кейин чиқадиган (дождевик) қўзиқоринлар экстрактидан тайёрланган суртмалар кесилган, тимдаланган жароҳатларни даволашда яхши самара беради.

ЖИГАР УЧУН ФОЙДАСИ
Таркибидаги РР витамини қон ҳосил бўлиш жараёнида муҳим роль ўйнаб, томирлар деворини мустаҳкамлайди. Бу витамин қўзиқоринда мол жигаридан ҳам кўпроқ.

Қўзиқорин, айниқса, жигар учун энг зарур маҳсулот саналади. Организм минерал моддалар ҳамда В ва С витаминига эҳтиёж сезганда истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Қўзиқорин асаб тизими учун ҳам фойдали бўлиб, ортиқча ҳаяжон ва зиқликдан халос қилади. Истеъмолга яроқли замбуруғларни меъёрида истеъмол қилиш ақлий қобилиятни кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Ортиқча вазндан қутулмоқчи бўлганлар дастлаб ўзида қўзиқоринга аллергия йўқлигига ишонч ҳосил қилиши, кейин парҳезшунос маслаҳати асосида ҳафтасига 2 марта овқатланиш рационга киритиши тавсия қилинади. Чунки у очликни тез қондиради ва узоқ вақт тўқ тутади. Қўзиқорин танада радиоактив моддаларни тўпламайди, аксинча, уларни организмдан чиқариб юборади.

Оқ қўзиқорин тери, соч ва тирноқлар саломатлигини яхшилашга кўмаклашади. Шунингдек, қалқонсимон без фаолияти бузилишининг олдини олади.

Шампиньон деб аталувчи қўзиқоринлар шифокорларнинг таъкидлашича, бош оғриғини даволашда самара беради.

Ойстер номли қўзиқоринлар иммунитетни кўтариб, инсон организмини ҳар хил касалликлардан ҳимоя қилади. Бу хусусият улар таркибидаги РР витамини билан боғлиқ.

Шиитаке қўзиқоринлари инсон саломатлиги учун жуда фойдали ҳисобланади. Японияда улардан саратон ва бошқа ўсма касалликларининг олдини олиш ҳамда даволаш учун қўлланилади.

Хитой табобатида қўзиқорин қадимдан саратон ва диабет хасталиклари билан курашишда, қон айланишини фаоллаштириш, ичакларни тозалаш мақсадларида ишлатилган.

Мазкур маҳсулот ошқозонда крахмалли таомларни парчалашга кўмаклашади. Рус халқ табобатида юрак-қон томир касалликларида фойдалилиги тан олинган. Ўрта Осиё табиблари қолдирган ёзувларда, айниқса, Ибн Сино манбаларида қўзиқоринлар қондаги ёмон холестерин миқдорини пасайтириши, томирлардаги тиқилмаларни очиши айтиб ўтилган. Замонавий тиббиётда ҳам уларнинг табиий инсулин ва ферментларга бойлиги аниқлаган, шу боис қандли диабет касаллигида жуда яхши озуқа бўлиши айтилади.

ЗАҲАРЛАНИШДАН САҚЛАНИНГ!
Қўзиқориннинг фойдали жиҳатлари кўп бўлгани билан улар истеъмолида эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Биринчидан, заҳарли турлари, иккинчидан, экологик жиҳатдан ноқулай шароитда ўсган ва консервациялаш жараёнида тўғри тайёрланмаган қўзиқоринларни истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради.

Тиббиёт амалиётда шундай ҳолатлар бўлганки, айрим ҳолларда заҳарсиз деб ҳисобланган қўзиқоринлардан заҳарланиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Жумладан, йўллар бўйидаги, кимёвий заводлар ёки кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналар яқинидаги ҳудудларда ўсган, еса бўладиган қўзиқорин турларини ҳам истеъмол қилиш ярамайди. Чунки қўзиқоринлар атмосфера ҳавоси, сув ва тупроқдаги заҳарли кимёвий моддаларни ўзига тез сингдириб олиш хусусиятига эга. Шунинг учун баъзида истеъмолга яроқли қўзиқоринлардан заҳарланиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Республикамизда ўсадиган қўзиқоринларнинг ҳам бир қатор турлари заҳарли ҳисобланади. Улар таркибидаги заҳарли моддалар қайнатилганда ёки қовурилганда ҳам сақланиб қолади. Умуман, қўзиқорин ҳазми мураккаб, ҳаммага ҳам тўғри келавермайдиган егулик ҳисобланади, шунинг учун тановул қилишда мутахассис маслаҳатига таяниш керак. Қўзиқорин истеъмолидан сўнг қандайдир нохушлик сезилса, тезлик билан шифокорга мурожаат қилиш шарт.

Фойдали маслаҳатлар:
Уч ёшдан кичик болалар, қўзиқоринга аллергияси бор кишилар бу маҳсулотни истеъмол қилмаслиги лозим.

Қўзиқоринли таомларни нўхат ва дон маҳсулотлари, спиртли ичимликлар билан аралаштириб ейиш тавсия этилмайди. Бунда ҳазм қилиш билан боғлиқ меъда-ичак муаммолари келиб чиқиши мумкин.

Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга, ёш болалар, шунингдек, ошқозон-ичак тракти фаолияти бузилган беморларга қўзиқоринли таомлар ҳамда салатларни истеъмол қилиш тавсия қилинмайди.

Қўзиқоринни истеъмол қилишдан аввал, албатта, яхшилаб ювиб, тозалаб, қайнатиш ёки майдалаб, қовуриш керак.

Manba: zamin.uz

Киритилди: 23:15 11.04.2019. Ўқилди: 17437 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!