АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинанинг муҳим эҳтиёжларини қондириш учун 200 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди.
Пакетда, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа ускуналари, HIMARS артиллерия ўқ-дорилари, миномёт снарядлари ва танкга қарши Жавелин ракеталари мавжуд, дейилади Пентагон баёнотида.
Бундан ташқари, пакет ўқ отиш қуроллари, портловчи моддалар, хавфсиз алоқа тизимлари, сунъий йўлдош тасвирини олиш хизматлари, шунингдек, ёрдамчи ускуналарга техник хизмат кўрсатиш учун эҳтиёт қисмларни тақдим этишни назарда тутади.
Қайд этилишича, янги пакет АҚШ президенти ваколатлари доирасида АҚШ қуролли кучлари омборларидан тўғридан-тўғри қурол-яроғларни топширишни назарда тутади.
Шу билан бирга, Пентагон АҚШ ишлаб чиқарувчиларига қурол буюртма қилишни назарда тутувчи Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси (USAI) механизмидан ҳам фойдаланиш ниятида.
Ушбу ташаббус доирасида Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа ускуналари, узоқ масофали ва танкга қарши қуроллар топширилади. Тасдиқланиши керак бўлган баъзи маълумотларга кўра, USAI пакетининг умумий миқдори 1,5 миллиард долларни ташкил қилади.
Пентагон баёнотида айтилишича, Қўшма Штатлар ҳамкорлари (50 га яқин давлат) билан ҳамкорликда Украинага Россия агрессиясига қарши курашиш учун зарур бўлган муҳим имкониятларни тақдим этишда давом этади.