Бугун 8 июнь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Қуръонни тез ёдлаш усули ва одоби

A A A
Қуръонни тез ёдлаш усули ва одоби

Қуръони Каримга бўлган одоб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан одоб ҳисобланади. Ана шундай одоблардан деб қуйидагиларни эслаш мумкин:

–   Қуръон ўқишда Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилишимиз, ундан бошқа нарсани истамаслигимиз. Мана шу Аллоҳ таоло қабул қиладиган қироат ҳисобланади;

–   ҳар томонлама пок, таҳоратли бўлишимиз;

–   Қуръон тиловат қилган вақтимизда пок, тоза жойда ўтиришимиз;

–   ўқишни бошлашда «аъузу» айтишимиз. Бунда суранинг боши бўладими, ўртаси бўладими, барибир. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: «Қуръон ўқиган чоғингда Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин»; 

–   Тавба сурасидан бошқа сураларнинг бошида «басмала» айтиш;

–   Қуръони Каримга ҳурматан хушуъ ва диққат-эътибор билан тиловат қилишимиз;

–   ўқиганларимизнинг маъноларини ўрганишга ҳаракат қилишимиз ва унинг мағзини чақиб, тафаккур қилишимиз;

–   тажвид аҳкомларига риоя қилишимиз, тиловат асносида овозимизни чиройли қилишимиз ва машаққатсиз дона-дона қилиб, тартил билан ўқишимиз; 

–   шунингдек, эшитаётган киши ҳам бевосита қоридан ёки бирор жиҳоз орқали тинглаганида Қуръони Карим оятларига жим қулоқ тутиши ва тафаккур қилиши лозим;

–   эсноқ келганида то у батамом кетгунича тиловатни тўхтатиб туришимиз;

–   қироатни тамомлашда «Содақоллоҳул ъазийм», дейишимиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг омонатни етказганликларига гувоҳлик беришимиз;

–   тиловатни гап билан бўлмаслик. Фақат зарурат юзасидан бўлса, жоиз. Масалан, саломга алик олиш каби;

–   раҳмат оятларида Аллоҳдан фазлу марҳаматини сўраб, қўрқитув оятларида У зотдан паноҳ тилашимиз;

–   Қуръонни ёд олишда бардавом бўлишимиз ва ёд олганларимизни унутиб юбормаслигимиз учун доимо такрор қилиб туришимиз;

–   Қуръони Каримнинг амрлари ва қайтариқларига қатъий риоя қилишимиз;

–   Қуръони Карим билан хулқланишмиз ва унга доимо амал қилишимиз.

Азиз кичкинтой дўстларим! 
Мен сизларга Қуръон ёдлаш сирлари ҳақида устозимдан эшитган ва ўз тажрибамда синаган айрим нарсаларни ҳам айтиб берайми? Ундоқ бўлса, марҳамат:

–   юқорида айтилган тиловат одобларига риоя қилиш;

–   Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб дуо қилиш;

–   ота-она ва устознинг дуосини олиш;

–   одобсизликлардан, ёмон ишлардан узоқ бўлиш;

–   астойдил қасд қилиш ва ёд олишга қодирлигига ишониш;

–   ҳавоси тоза, ҳаёлни чалғитадиган, ранг-баранг бўлмаган, тинч, холи жойда ёд олиш;

–   муносиб вақт танлаш. Ёдлаш учун энг афзал вақт тонг саҳар ва намоздан кейинги эрталабки соатлардир. Бунинг учун ётишдан олдин дарсни маълум адад ўқиб, чала ёдлаб олсангиз, эрталаб турганингизда 3-4та ўқишингиз билан дарс ёдланиб қолади. Шундан сўнг ёддан 100-150та саноқ қилсангиз, қарабсизки, дарс тайёр;

–   ёдлашга киришишдан олдин тўғри ўқишни ўзлаштириб олиш;

–   дона-дона қилиб, шошилмай, оҳанг билан ўқиш;

–   доимо бир мусҳафда ўқиш;

–   ёд олган сураларни такрор қилиб туриш;

–   тартибли равишда ҳар куни маълум ҳажмда ёдлаш. Дарсни кўпайтирганда ҳам аста-секин, бир қатор-икки қатордан кўпайтириш;

–   оятларнинг маъноларини ўрганиб амал қилиш;

–   агар дарс кўп бўлса, бўлиб ёдлаш ва бир қисми тайёр бўлгандан сўнг 20-30 дақиқа дам олиш.

Манба: Quran.uz

Киритилди: 11:17 18.12.2019. Ўқилди: 28789 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!