Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни тўхтатиб туриш имконияти йўқлиги боис шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш талаб этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги вазирлигига шаҳарларнинг бош режаларини соддалаштирилган кўринишда ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи ва лойиҳа ташкилотига лойиҳалаш топшириғини бериш ваколатини тақдим этиш назарда тутилмоқда.
Ушбу янгиликларни ўзида акс этган «Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Шаҳарсозлик кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида қизғин муҳокама қилинди.
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан Шаҳарсозлик кодексига Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳи ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳлари каби шаҳарсозлик ҳужжатларининг янги турлари киритилмоқда. Бош тарҳни ва ҳудудий тарҳларни тасдиқлаш ҳамда мунтазам равишда такомиллаштириб бориш бўйича устувор йўналишлар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳида аҳолини ва ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш тизимини давлат томонидан тартибга солиш асослари белгиланмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси бўйича депутатлар амалдаги меъёрий ҳужжатлардан келиб чиқиб, айрим саволларни ўртага ташлади. Хусусан, фракция аъзоси Шарофиддин Назаров лойиҳада Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш кўзда тутилаётгани, амалдаги қонунчиликка кўра эса аҳолини жойлаштириш бош тарҳини ишлаб чиқиш назарда тутилганини қайд этди. Шунингдек, депутат ҳудудларни ривожлантиришда бир қанча тушунчалар борлигига тўхталиб, уларни аниқлаштириш зарурлигини айтиб ўтди.
Бунга жавобан масъулларнинг маълум қилишича, таклиф этилаётган норма умумий қоида сифатида киритиляпти. Яъни, ҳудудни ривожлантиришни режалаштириш назарда тутилган. Қайсидир ҳудудга ижтимоий объектлар жойлашиши, бошқа бир ҳудудга тадбиркорлик зоналарини ташкил этиш билан боғлиқ умумий қоидаларни белгилашга қаратилган меъёр ҳисобланади. Ушбу модда орқали қаерга тадбиркорлик субъекти керак, қайси жойда мактаб ва боғчага эҳтиёж борлигидан келиб чиқиб, ҳудудни ривожлантириш режаси тасдиқланади.
Фракциялар томонидан қизғин муҳокама қилинган ушбу қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар, бир қатор таклифлар билдирилди.