Туркманистон ҳукумати Туркияга кетаётган ватандошлари устидан назоратни кучайтириши мумкин, деб ёзади Turkmennews ўз манбаларига таяниб.
Хабарда қайд этилишича, Туркия «юмшоқ миграция сиёсати» орқали хориждан ишчи кучи оқимини оширишга ҳаракат қилмоқда, Ашхобод эса ўз фуқароларининг Туркияга кетишининг олдини олиш ва хорижда бўлганларини қайтариш учун ҳаракат қилмоқда.
Шу мақсадда миграция хизмати ходимлари Туркманистон ватандошларини рейслардан оммавий равишда четлаштириб, чет эл паспортларининг амал қилиш муддатини қисқартирмоқда ва уларни олиш тартибини узайтирмоқда. Қолаверса, хорижда таҳсил олаётган талабаларга пул ўтказиш ҳам қийинлаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистон ватандошлари Туркияда яшаш учун рухсатнома олувчилар сони бўйича ТОП 10 таликка киради.