Қўрғонтепа туманида «иш вақтим тугади» деб қабулига киритмаган шифокор сабаб ҳомиладор аёл вафот этган.
Bugun.uz’даги мавжуд маълумотларга кўра, 21 ёшли Саодат Тўланбоева тумандаги туғруқ бўлимига мурожаат қилган. Уни бўлими бошлиғи Паридахон Абдураҳмонова кутиб олиб, камқонлик белгилари яққол кўриниб турган беморни реанимация бўлимига ётқизиш ўрнига, уни бирлашманинг юқумли касалликлар бўлимига жўнатади.
Ушбу бўлимда эса навбатчи шифокор ва бўлим бошлиғи бирор бир текширувсиз, аёлга гинекология бўлимига боришни айтиб, «иш вақтим тугади» деб уйига кетган.
Оқибатида соат 09:00да қориндаги қаттиқ оғриқ ва камқонликнинг оғир даражаси аломатлари билан касалхонага мурожаат қилган бемор, қон кетиши оқибатида соат 16:30 да вафот этган.
Андижон вилояти Қўрғонтепа туман суди 5 июнда бўлиб ўтган суд мажлисида тиббиёт ходимларига 3 йил давомида тиббиёт соҳасидаги давлат ташкилотларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.