Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг 25 декабрь куни Бокудан Грознийга парвоз қилган Embraer 190 самолёти Қозоғистонга қулаб тушганди. Самолёт Чеченистонга дронлар ҳужумини қайтараётган мудофаа тизими томонидан ўққа тутилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Ақтау шаҳри яқинида юз берган авиаҳалокатнинг бундай версиясини Россиянинг “База” Telegram канали ва бир қатор ҳарбий блогерлар илгари сурмоқда. Улар самолётнинг тирик қолган йўловчилари олган кадрлари ва видеоларини қўлга киритган.
Қозоғистонда қулаб тушган самолётнинг дум қисмидаги ғалати излар акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Тешиклар ўққа тутилгандан ёки портловчи элементлар таъсиридан кейин қоладиган изларга ўхшайди, дейилади “База” Telegram каналида.
Зенит-ракета тизими ишлагандан кейин пайдо бўладиган шикастлар айнан шундай кўринишга эга бўлади. Эҳтимол, самолёт Грознийга бўлган навбатдаги ҳужумни қайтариш пайтида тасодифан нишонга олингандир”, деб ёзган ҳарбийпараст блогер Юрий Подоляка.
Самолётнинг дум қисмидаги тешиклар туфайли стабилизатор ва баландликни бошқаришда муаммолар юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги видеодан ташқари, “База” самолёт парвози пайтида олинган қанотдаги тешикни кўрсатувчи видеони ҳам эълон қилди. Видеода самолёт қанотининг бир қисми шикастлангани кўринади — у ердаги тешик яққол кўзга ташланади. Шу билан бирга, йўловчи салонида кислород ниқоблари тушгани акс этган.