Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Қирғизистон билан иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда 21 июль куни Акорданинг матбуот хизмати хабар берди. Ҳужжат матни расмий нашрларда эълон қилинди.
Аввалроқ Қозоғистон парламентида маълум қилинишича, ушбу шартнома икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, олий ва юқори даражадаги алоқалар механизмларини такомиллаштиришни назарда тутади.
Ҳужжатда сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича позицияларни келишишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шартнома томонларнинг қуйидаги устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш ниятини мустаҳкамлайди: сиёсат, мудофаа, савдо, инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, фан, таълим ва маданият.
Ҳужжатнинг алоҳида бўлими хавфсизлик масалаларига бағишланган. Қозоғистон ва Қирғизистон замонавий таҳдидлар — терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик, киберхавфсизлик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишда чуқур ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, жумладан, Қозоғистон Сенати ва Қирғизистон Жогорку Кенеши ўртасидаги Ҳамкорлик бўйича парламентлараро кенгаш орқали ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳам назарда тутилган.