Қозоғистон "сувга қарам" давлат бўлиб, мамлакат ҳудудининг атиги 2,8 фоизи сув билан қопланган, учдан икки қисми қурғоқчил зоналардир. Сув ресурсларининг салмоқли қисми қўшни давлатлардан олинади, шунинг учун ҳам республика учун трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш масаласи ўта муҳим аҳамиятга эга.
БМТ Тараққиёт Дастури маълумотларига кўра, сўнгги йилларда минтақада иқлим ўзгариши кузатилмоқда: кутилмаган совуқ ёки жазирама тўлқинлар кучайган, тез-тез қурғоқчилик юз беряпти, сув танқислиги кучаймоқда.
Қирғизистон ва Тожикистондаги музликлар – Марказий Осиёнинг "сув миноралари" қисқармоқда. Марказий Осиёдаги чучук сувнинг қарийб 60 фоизи Тожикистондаги музликларда тўпланган. Сўнгги бир неча ўн йилликда уларнинг ҳажми 30 фоизга қисқариб, мингдан ортиқ музликлар деярли бутунлай йўқ бўлиб кетди. Шу билан бирга, охирги йилларда минтақада қурғоқчилик ва чанг бўронлари деярли икки баравар кўпайгани қайд этилмоқда.
Яқинда БМТ Тараққиёт Дастури томонидан Қозоғистонда ҳукумат ва бошқа ҳамкорлар билан бирганликда ECOJER - Green Life Better халқаро конгресси ўтказилди. Ушбу анжуман иштирокчиларининг асосий диққат марказида ҳам сув муаммоси бўлди.
Тадбирда қатнашган экспертларнинг фикрича, йигирма йилдан сўнг Қозоғистонда сув истеъмоли 56 фоизга ортади, сув танқислиги эса йилига йигирма куб километрдан ошиши мумкин.
“Кўриниб турибдики, биз жавоб чораларига кечикдик. Янги Сув кодексида нафақат сувдан оқилона фойдаланишга, балки иложи борича сув ресурсларини ҳимоя қилишга эътибор қаратиш лозим. Қозоғистондаги сув муаммосига кўз юмиш – ўз жонига қасд қилиш билан баробар. Ҳаракатсизлигимиз билан биз фарзандларимиз ва невараларимизни таҳликада қолишга маҳкум қиламиз”, — деди спикерлардан бири, Қозоғистон парламенти депутати Лаззат Рамазонова.
Кўп йиллар давомида БМТнинг Тараққиёт Дастури сув ресурсларини барқарор бошқариш соҳасида Қозоғистон ҳукуматининг асосий ҳамкори бўлиб келган.
"Бугунги кунда иқлим ўзгаришининг кўплаб оқибатлари сув ресурслари орқали сезилади. Биз Қозоғистоннинг қадамларини юқори баҳолаймиз ҳамда одамлар ва сайёрамиз барқарор ривожланиши учун ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрмиз”, — деди БМТ Тараққиёт Дастурининг Қозоғистондаги доимий вакили Якуп Бериш.