Ўзбекистоннинг Актау шаҳридаги Бош консуллиги қўшни Қозоғистон Республикасида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари ортиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди.
Сўнгги кунларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уриниш ҳолатлари қайд этилган. Қозоғистон Республикаси ваколатли идоралар маълумотларига кўра, ушбу шахслар қўлга олинган ва жиноят кодексининг 392 ва 394 моддалари бўйича жиноий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб қўшни давлат ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жазони янада қатъийлаштирган. Эндиликда чегарани бузиш ҳолатлари узоқ муддатли қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин.
Бош консуллик ватандошларни ноқонуний схемаларга алданмасликка, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ёки бунга уриниш жиноий жавобгарликка олиб келишини унутмасликка чақирди.