Табиат — денгиз, қум ва қуёш таътилидан зерикканлар, жазирама иссиқ ҳамда шаҳар шовқинидан қочиб, очиқ ҳавода ҳордиқ чиқармоқчи бўлганлар учун энг яхши “даво”. Қора денгиз платоси табиат билан уйғунлашиш мумкин бўлган ана шундай хушманзара масканлардан биридир.
Айдер платоси: шифобахш иссиқ булоқлар
Қора денгиз деганда ақлга келадиган илк плато бу Айдер ясситекислигидир. Качкар тоғларига ястанган Айдер платоси сарғиш қизил тусга кирувчи граб, каштан, арчазор ҳамда қайин ўрмонларининг орасида ва денгиз сатҳидан1350 метр баландликда жойлашган. Бу ерда турар жой имкониятлари жуда кўп. Хусусан, Қора денгиз меҳмонхоналари, бунгаловлар ёки пансионатларда қолиш мумкин. Плато, шунингдек, термал булоқлари билан машҳур. Усмонийлар даврида кўплаб одамлар шифо излаб шу булоқларга келишган.
Покут платоси: туманли маскан
Покут Қора денгизнинг энг мафтункор платоларидан биридир. У туманли ландшафтлари ва ўзига хос ёғоч уйлари билан бошқа платолардан ажралиб туради. Қарағай ўрмонлари билан ўралган плато ўзининг бой биологик хилма-хиллиги ва ноёб меъморчилиги билан барчани жалб қилмоқда.
Гито платоси: булутлар бағрига саёҳат
Ризедан 25 дақиқа ва Чамлиҳемшиндан 2 соат узоқликда, денгиз сатҳидан эса 2070 метр баландликда жойлашган Гито яасситоғида инсон ўзини ҳудди булутлар устида сузиб юргандек ҳис қилади. Оёқлар остига оқ гиламдек тўшалган ва булутлар орасидан сизиб ўтувчи яшил ва мовий рангларнинг уйғунлиги кўзни қувонтиради. Бу ерда Қора денгизга хос яйлов уйлари бор. Гито платосига борадиган йўлда 750 метр баландликдаги улкан қоя устига қурилган Зил минорасини ҳам зиёрат қилишни унутманг!
Анзер платоси: дунёга машҳур анзер асалининг маркази
Ризенинг Икиздере туманида, шаҳар марказидан тахминан икки соатлик масофада жойлашган Анзер платоси ёзда турфа хил яшил, қишда эса сариқ ва қизил рангларга бурканган бетакрор табиатга эга. Табиат қўйнида сайр қилиш, парапланда учиш каби очиқ ҳаво машғулотлари ҳам бор. Номидан кўриниб турибдики, бу ерда юзлаб турдаги гуллардан дунёга машҳур анзер асали олинади.
Кумбет платоси: улуғвор табиат
Кумбет денгиз сатҳидан 1640 метр баландликда жойлашган энг жозибали плато ҳисобланади. Мавсумдан қатъий назар, плато тўрт фаслнинг ноёб тажрибасини тақдим этади. Чикриккапи платосида Хитой ва Ҳадриан девори каби инсоният қўли билан қурилган дунёдаги энг катта деворлардан бири тарихий Ҳожи Абдуллоҳ девори бор. Деворнинг узунлиги 6,5 км, баландлиги эса 1,5 метр бўлиб, бундан 400 йил аввал бунёд этилган. Сўнгги пайтларда тез-тез тилга олинаётган Мави кўл ҳам бу ерда кўриш мумкин бўлган табиий гўзалликлардан биридир. У “Содали кўл” номи билан ҳам танилган ва учта кўлнинг қўшилишидан ҳосил бўлган. Маълумки, бу кўл Шарқий Қора денгиз минтақасида содали сув дарёда оқадиган ягона жой ҳисобланади.
Кафкасўр платоси: буқалар жанги
Кафкасўр денгиз сатҳидан 1250 метр баландликда жойлашган. Ҳар йил июль ойининг биринчи ҳафтасида бу ерда Кафкасўр маданият ва санъат фестивали бўлиб ўтади. Фестивал Буқаларни асраш ва яйловларни муҳофаза қилиш уюшмаси томонидан ташкил этилиб, унда буқаларнинг курашини ҳамда “атабарı” деб аталувчи фольклор байрамларини томоша қилиш мумкин. Бундан ташқари, Жискаро, Ялнизҳасан ва Ажису каби шифобахш булоқлар ҳам мавжуд.
Першембе платоси: парапланда учиш завқи
Першембе платоси ноёб меандерлари (дарё сиртмоқлари) билан эътибор қозонди. Плато денгиз сатҳидан1500 метр баландликда жойлашган бўлиб, у сафари ёки парашютда учиш каби фаолиятлар учун мукаммал имкониятлар тақдим этади. Орду Першембе платоси июль ойида турли фестивалларга ҳам мезбонлик қилади.
Ҳусер платоси: қуёш ботиши ва туман уйғунлиги
Қора денгиз манзаралари ҳар доим жозибали, аммо такрорланмас қуёш ботиши Ҳусер платосига хосдир. Ушбу пасттекислик Туркиянинг энг баланд тоғларидан бири бўлган Качкар этакларида жойлашган. Осмонўпар арғимчоқлар ва кислородга бой тоза атмосфера унутилмас хотиралар қолдиришига шак-шубҳа йўқ!
Султон Мурод платоси: бой тарих ва табиат
Ўзининг табиий гўзаллиги билан барчани ҳайратга соладиган Султон Мурод платоси тарихий аҳамиятга эга. Усмонли султони Мурод IV ва унинг қўшини 1635 йилда Форс юришидан қайтгач, шу ерда тунаб қолишди. Бу ерда 1916 йилги Биринчи жаҳон урушида Россия билан урушда ҳалок бўлган аскарлар учун шаҳидлар қабристони ҳам бор.