Ўзбекистонда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг қисқа рақами орқали чиқинди тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлган абонентларга қарздорлик қопланмагунига қадар электр энергияси учун тўловни чеклаш тизими жорий этилаётганлиги ҳақида СМС хабарномалар юборилиши бошланди.
Мазкур масала юзасидан мухбиримиз Экология вазирлиги масъуллари билан боғланиб, батафсил маълумот олди.
Маълум бўлишича, фуқароларимиз орасида хонадондан чиқинди чиқмаслиги, чиқиндилар ёқиб юборилиши ёки ерга кўмилиши каби асоссиз сабабларга кўра маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни тўлашдан бош тортиш ёки кечиктириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Бунинг оқибатида санитар тозалаш соҳасида кўрсатилган хизматлар учун аҳолининг дебитор қарздорлиги кескин ошиб, республика миқиёсида жами 585 млрд. сўм миқдорига етди. Аҳолида тўлов интизоми даражасининг пастлиги хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг молиявий кўрсаткичларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу муаммога ечим Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2024 йил 4 январдаги 5-сонли Фармони билан белгилаб берилди.
Шу ўринда, соҳада аҳолининг тўлов маданиятини шакллантиришга доир қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бу борада, тегишли қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётган бўлиб, жумладан, биринчи босқичда вилоятлар марказларининг чиқинди хизматлари учун 6 ойлик тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлган абонентларига СМС хабарнома юборилган.
Шунингдек, 2024 йил учун олдиндан тўлиқ тўловни амалга оширган абонентларга тўлов тарифлари йил давомида оширилган тақдирда ҳам тарифлардаги фарқлар қўшиб ҳисобланмаслиги каби имтиёз мавжудлиги ҳақида маълумот берилди.
2024 йилнинг 1 апрелидан бошлаб барча коммунал хизматларда (табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, иссиқлик таъминоти) жумладан, маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати тўловлари учун ҳам тегишли қонун билан ҚҚС жорий этилганлиги муносабати билан хизмат тарифлари ҚҚС билан бирга ундирилиши айтиб ўтилди.
Хусусан, юборилган СМС хабарномалардаги қарздорлик миқдори бўйича эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда “1205” қисқа рақамига оғзаги ариза қолдириш ва мурожаатлар зудлик билан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, аниқланган ҳолатларга ойдинлик киритилиши эслатиб ўтилди.
Аввалроқ, ушбу тизим 1-босқичда 2024 йил 1 июндан – Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 6 ойлик қарздорлик учун;
2-босқичда 2024 йил 1 ноябрдан – республиканинг барча ҳудудларида 3 ойлик қарздорлик учун; 3-босқичда 2025 йил 1 январдан – ойлик қарздорлик учун жорий этилишини хабар қилган эдик.