Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро "Prime Video Sport IT" YouTube каналига берган интервьюсида жамоага келиши жараёни ва қарор қабул қилиш сабаблари ҳақида гапирди.
"Жамоада аввал мураббий бор эди — Катанец. Лекин охирги тўртта ўйин қолганда унда соғлиқ билан боғлиқ муаммо пайдо бўлди ва у лавозимини тарк этди. Кейин маҳаллий мураббий жамоани қабул қилди ва улар саралаш босқичидан муваффақиятли ўтишди. Шундан кейин федерация жамоани хорижлик мураббийга топширишга қарор қилди", — деди Каннаваро.
У Ўзбекистонга аввал “афсоналар ўйини”да иштирок этиш учун келганини, шу орқали мамлакат футболи муҳитини бироз ўрганганини таъкидлади.
"Мен Ўзбекистонга аввал “афсоналар ўйини”да қатнашиш учун келганман. Шу вақтда муҳитни бироз билиб олгандим. У ерда вице-президент бор — у собиқ халқаро ҳакам. Мен у билан гаплашдим. Орадан 15–20 кун ўтиб, у менга қўнғироқ қилди ва мен билан учрашмоқчи бўлди. Мен дарҳол рози бўлдим", — деди у.
Каннаваро, шунингдек, таклиф қабул қилиш жараёнида молиявий масалалар муҳокама қилинмаганини алоҳида қайд этди.
"Мен у билан пул ҳақида ҳам, бошқа шартлар ҳақида ҳам гаплашмадим. Мен фақат шуни айтдим: Жаҳон чемпионатига чиқиш — бу биз учун, буни бошдан кечирганлар учун аллақачон катта совға", — дея сўзини якунлади мураббий.