Эстрада санъати соҳасида фаолият юритаётган ижодкорлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётганига қармай, қизиқчилик санъати, аксар сўз усталарида талабчанлик йўқолиб, бачкана, фаҳш хатти-ҳаракат, бемаъни ҳақоратомуз сўзлар билан кенг омманинг ғашига тегиш ҳолатлари кузатилмоқда, деб баёнот бермоқда Ўзбекконцерт давлат муассасаси раҳбарияти.
Бугун, 26 февраль куни Ўзбекконцерт давлат муассасаси томонидан Туркистон санъат саройининг мажлислар залида Бадиий сўз санъати ва саҳна масъулияти мавзусида давра суҳбати ўтказилмоқда. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давра суҳбатининг асосий мавзуси сифатида бугунги кунда саҳнага чиқаётган, ўзини сўз устаси сифатида таништираётган ёшлар масаласи кўрилмоқда.
Қизиқчилар жамиятдаги муаммоларни, камчиликларни сатирик жанрда, бадиий санъат даражасида очиб беришлари лозим. Аммо бугунги кунда айрим қизиқчилар маиший мавзулар орасида ўралашиб қолаётгани ачинарли ҳолдир , дейилади Ўзбекконцерт баёнотда.
Маълумки, ўзбек сўз санъати ўзининг Юсуфжон қизиқ, Муҳиддин Дарвешов, Сойиб Хўжаев, Эргаш Каримов, Рустам Ҳамроқулов каби забардаст вакилларига эга. Уларнинг муносиб давомчиси сифатида кўриладиган Ҳожибой қизиқнинг халқдан олиб, халққа тақдим этиш услуби ҳам шинавандалар учун ниҳоятда қизиқарлилигича қолмоқда.
Аммо бугунги кунда кўпчилик ёшлар бу анъаналарга зид равишда, арзон ва осон кулги ортидан қувиб, саҳнада маиший мавзулардан орта олмаётганлари, фаҳш атрофидаги гаплар, ҳақоратомуз сўзларни кўпчилик олдида уялмай сўзлаётганлиги ачинарли эканлиги қайд этилмоқда.
Ўзбекконцерт давлат муассасаси томонидан ўтказилаётган Бадиий сўз санъати ва саҳна масъулияти мавзусида давра суҳбати айнан мана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик, ўзбек сўз санъатини соф ҳолда сақлаб қолишни кўзда тутган.
Маълум қилинишича, тадбир доирасида қатор гуруҳлар ва ижодкорлар масаласи алоҳида кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Сўнгги пайтларда турли гуруҳларнинг, жумладан BRAVO гуруҳининг саҳна чиқишлари, Ҳалима Ибрагимованинг ижтимоий тармоқларда мухлислар билан гап талашувлари жамоатчилик орасида қаттиқ эътирозларга сабаб бўлаётганди.