Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори (613-сон, 30.09.202 й.) билан “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
🔰 Низомга кўра, ижарага олувчи фақат қонунчиликда ёки ижара шартномасида назарда тутилган ҳоллардагина ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқларини ижарага берувчининг розилигисиз гаровга қўйишга ҳақли.
✅ Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга олган ҳолда кредит бериш тартиби кредит ташкилоти томонидан ички қоидаларга мувофиқ мустақил белгиланади.
📋 Кредит ташкилоти томонидан кредит таъминоти сифатида ижара ҳуқуқи ер участкасининг ижарага бериш муддати ва ер участкасининг бозор қийматидан келиб чиқиб гаровга олинади.
⏳ Бунда гаровга қўйилаётган ер участкасининг ижара ҳуқуқи муддати кредитни қайтариш муддатидан камида 5 йилдан ортиқ бўлиши лозим.
🏛 Ер участкасига ижара ҳуқуқи гаровини давлат рўйхатидан ўтказиш Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали томонидан амалга оширилади.
💵 Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўювчи тугатилганда, гаровга олувчи гаров нарсасига муддатидан олдин ундирув қаратиш ҳуқуқига эга.