Қозоғистон орқали Хитойга олтинни яширинча олиб ўтмоқчи бўлган Қирғизистон фуқаросидан олтита олтин қуймаси мусодара қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош транспорт прокуратураси хабар берди.
Маълум қилинишича, аёл «Қордай Авто» назорат-ўтказиш пункти ва «Хоргос» халқаро чегараолди ҳамкорлик маркази орқали олтинни олиб ўтишга уринган. Тозалиги 99 фоиздан юқори бўлган қуймалардан учтаси унинг пойабзали тагига яширилган.
Суд қарорига кўра, умумий оғирлиги 2,8 килограмм бўлган, қиймати 182,3 миллион тенгега (тахминан 401,6 минг доллар) баҳоланган олтин қуймалари давлат фойдасига мусодара қилинган.
Суд қарори қонуний кучга кирган. Ҳозирда судга қадар тергов давом этмоқда.