Мамлакатда рақамли сомларни қабул қилишдан бош тортган шахсларга жарима солишни назарда тутувчи қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Айрим қонун ҳужжатларига Қирғизистон Республикасида миллий рақамли валюта – рақамли сомнинг ҳуқуқий мақоми бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Қирғизистон Республикасининг рақамли сомини тўловга қабул қилишдан бош тортиш жисмоний шахсларга 30 ҳисоб кўрсаткичи (3 минг сом), юридик шахсларга эса 130 ҳисоб кўрсаткичи (13 минг сом) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, қонунда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг фирма номларида “рақамли сом” ва “рақамли сом платформаси” сўзларидан фойдаланиш тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, рақамли сом Қирғизистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси ҳисобланган рақамли шаклдаги Қирғизистон Республикасининг миллий валютаси ҳисобланади.
Шунингдек, “Қирғизистон Республикаси Миллий банки тўғрисида”ги Конституциявий қонунга ўзгартиришлар киритилиб, “рақамли сом” миллий рақамли валютасининг экспериментал модели бўйича тажриба лойиҳаси ишга туширилди.