Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, қўмитага тергов билан боғлиқ барча функциялар топширилади. Бу эса терговларнинг мустақиллигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
«Бош прокуратура ва Ҳарбий прокуратура барча органларнинг ҳаракатлари қонунийлигини назорат қилади. Агар “Нега Тергов қўмитасини ташкил этиш керак?” деб сўрасангиз — биз давлатнинг келажаги ва барқарорлиги ҳақида ўйлашимиз керак», — деди президент "Кабар" агентлигига берган интервьюсида.
Шунингдек, Жапаров мамлакатда адолатсиз тергов ҳолатлари мавжудлигини тан олди. Чунки Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарлари айрим ҳолларда терговчиларга тезкор ходим томонидан “туҳмат қилинган” ёки атайлаб айбланган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатишни талаб қилган бўлиши мумкин.