Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Жалолобод шаҳрининг номини Манас деб қайта номлаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қонун Жогорку Кенеш томонидан 2025 йил 10 сентябрда қабул қилинганди.
Қонуннинг мақсади миллий мафкурани мустаҳкамлаш, Жалолобод шаҳрига халқ қаҳрамони, қирғиз халқининг турли босқинлардан ҳимоячиси бўлган буюк Манас номини беришдан иборат, дейилади хабарда.
Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ўтгач кучга киради.
Жалолободнинг расмий ташкил этилган санаси 1877 йил октябр ойи ҳисобланади. Шаҳарнинг майдони 64,6 квадрат км бўлиб, 184 мингдан ортиқ одам яшайди, уларнинг 30 фоизга яқини ўзбеклар.