Қирғизистон Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–июнь ойларида мамлакатдан Ўзбекистонга қорамол экспорти беш баравар, қўй ва эчки сотуви эса қарийб 10 баравар камайган. Жорий йилнинг олти ойида атиги 11 минг 227 бош йирик шохли қорамол экспорт қилинган бўлса, 2024 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 53 минг 429 бошни ташкил этган.
Худди шу давр мобайнида қўшни давлатдан Ўзбекистонга 10 минг 270 бош қўй ва эчки етказиб берилган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида бу рақам 112 минг 206 бош бўлган. Расмийлар экспортнинг бундай кескин камайишини ички бозорни ҳимоя қилиш ва нархларни барқарорлаштириш чоралари билан изоҳламоқда.
Қирғизистонда гўшт нархи сезиларли даражада ошмоқда. 29 июль ҳолатига кўра, мамлакат бозорларида 1 килограмм мол ёки қўй гўшти ўртача 700 сом, яъни қарийб 100 минг сўмдан сотилган. Ҳукумат нархларни назоратга олиш, чорва молларининг ноқонуний чиқарилишини тўхтатиш ва экспортга миқдорий чекловлар киритиш чораларини кўрмоқда.
Ўзбекистонда ҳам охирги бир йилда гўшт нархи кескин ошди — 32,9 фоизгача қимматлаш кузатилди. Жорий йил июль ойидаги маълумотларга кўра, энг қиммат мол гўшти Фарғона вилоятида 109 минг 182 сўмни ташкил қилмоқда, айрим ҳудудларда эса суякли гўшт нархи 130–140 минг сўмгача етган. Шу билан бирга, йил охиригача Мўғулистондан 100 минг бош қўй ва эчки импорт қилиниши режалаштирилмоқда.