Қирғизистон Тожикистон билан чегарани делимитация қилиш доирасида вақти-вақти билан зиддиятли вазиятлар юзага келган ҳудудларни алмашди.
Бу ҳақда Қирғизистон етакчиси Садир Жапаров “Кабар” давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар беради report.az.
“Ер алмашишда иккала томон ҳам стратегик мақсадларга амал қилмаган. Биз фақат доимий равишда низолар келиб чиққан ҳудудларни алмашдик”, деди у 21 февраль куни Тожикистон билан чегараларни делимитация қилиш бўйича имзоланган ҳужжатни шарҳлар экан.
Унга кўра, мамлакатлар ўртасида алмашилган ер участкалари ё анклавлар ёки чегара бўйлаб шахмат шаклида жойлашган.
Қирғизистон Президенти Тожикистон билан чегара масаласи “абадий ҳал этилди” деб ишонтирди.
“Бўлди, охири нуқта қўйилди, ҳар икки томон манфаати инобатга олинди. Ҳали чегара ҳақида гап кўп. Лекин ҳали вақти келмади. Ҳаммаси тугасин, кейин айтамиз. Шунда бизни тарих баҳолайди. Ишончим комилки, у бизга “аъло” баҳо қўяди”, деди Садир Жапаров.