Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида очилган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бўлимининг янги биносида намоз ўқувчи ходимлар учун алоҳида намозхона ташкил этилди.
AKIpress нашрининг хабар қилишича, очилиш маросимида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ходимларини бугуннинг ўзи билан ёки битта операция учун эмас, балки мамлакат келажаги учун ишлашга чақирди.
«Ўз манфаатларингизни биринчи ўринга чиқариб, давлат манфаатларини четга суриб қўйсангиз, ҳар қандай ҳолатда ҳам барчаси ойдинлашади. Орангизда 2-3 та шундай ходимлар бор. Ярим йил олдин мен «6-бўлим» билан ишлаганимда, сизнинг ҳаракатларингиз бўйича тергов ўтказишни буюрдим. Тез орада буларнинг барчаси маълум бўлади. Мен ҳеч нарсани сезмаяпти, деб ўйламанг. Мен ҳамма нарсани биламан. Агар сизлардан бирортангиз менинг кўрсатмаларим бўйича ишлаб юриб, пора олишга уринсангиз, жавобгарликка тортиласиз ва ҳибсга олинасиз. Кейинроқ бўлса ҳам қонунга хилоф хатти-ҳаракатлардан хабардор бўламан ва сиз жазоланасиз», — деди Ташиев.
МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев бўлимнинг янги биносида ходимлар учун яратилган шароитлар, жумладан, дам олиш хоналари, ошхона ҳамда намозхоналарни кўздан кечирди.
Шунингдек, Ташиев хавфсизлик ходимларига бир-бирини тартибга, қонунийликка чақириб, яхшиланишга ёрдам бериши, агар ҳамкасби тузалмаса, қонун доирасида жазоланишини ва хизматни тарк этишини маслаҳат берди.
«Қийин кунларни бошдан кечираётган бўлсангиз, раҳбарларингизга мурожаат қилинг. Менинг эшикларим сиз учун доим очиқ – фаррош аёлдан тортиб, ўринбосарларимгача. Раҳбарингизга хабар беринг ва муаммоларингиз билан менинг олдимга келинг. Мен сизга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Нима бўлган тақдирда ҳам, қонунни бузманглар», — деди у ходимларга.