Бугун 27 сентябрь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Қирғизистон энергетика инқирози ва электр энергияси танқислиги остонасида турибди

Қирғизистон энергетика инқирози ва электр энергияси танқислиги остонасида турибди

2024 йилда Қирғизистонда электр энергияси истеъмоли 17,8 миллиард кВт/соатни ташкил этди, 2025 йилнинг охирига келиб эса бу кўрсаткич 19 миллиард кВт/соатга етиши кутилмоқда. Бу эса жорий куз-қиш мавсумиёқ мамлакатда жиддий электр энергияси танқислигига олиб келиши мумкин.

Қирғизистон ҳукумати 2025 йил октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида, айниқса йирик шаҳарлардаги юклама юқори бўлган соатларда, электр энергияси навбатма-навбат ўчирилиши эҳтимоли юқори эканлигини маълум қилди. Аҳолидан электр энергиясини тежаш сўралмоқда, хусусан, уйларида электр ёқилувида иситишдан бутунлай воз кечиш тавсия қилинмоқда. Бу ҳолатда жамиятнинг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламлари энг оғир аҳволда қолиши мумкин, чунки кўмир, ёғоч ва бошқа ёқилғи турлари нархининг ошиб бориши муқаррар.

Ҳукумат томонидан бизнес ва тижорат корхоналарига махсус оғохномалар юборилган, чунки улар одатда аҳолига нисбатан анча фарқ қилувчи тарифлар бўйича электр энергиясини олади. Юкламани камайтириш мақсадида катта шаҳарларда кўча ёритгичлари ва реклама ёритиш воситалари ўчириб борилади.

Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев маълум қилишича, жорий куз-қиш мавсумида юзага келган электр танқислигининг асосий сабаби Тоқтўғул сув омборида сув сатҳининг танқис даражада камайишидир. Бу омбор электр энергиясининг асосий қисми ишлаб чиқариладиган Тоқтўғул ГЭС каскадининг юраги ҳисобланади.

Қирғизистоннинг энергетика тизими қуйидагича ишлайди: Тоқтўғул, Қўрпсой ва Тошқўмир ГЭСлари асосий электр энергиясини ишлаб чиқаради. Тоқтўғул сув омбори фақат генерация манбаси бўлибгина қолмай, балки Қозоғистон ва Ўзбекистонга ёзда суғориш учун сув жўнатишда ҳам муҳим роль ўйнайди. Ёзда ортиқча энергия экспорт қилинади, қишда эса, истеъмол ортиб, ишлаб чиқариш пасайганида, Қирғизистон мажбурий равишда электр энергиясини импорт қилади.

Ибраев таъкидлашича, агар 2024 йилда Тоқтўғул сув омборида сув ҳажми 12,4 миллиард куб метрни ташкил этган бўлса — бу аллақачон етарли эмас деб баҳоланган — жорий йилда бу ҳажм яна 1,6 миллиард куб метрга камайган ва ўртача кўрсаткичдан анча паст бўлиб, электр ишлаб чиқаришда катта пасайишга олиб келиши аниқ.

2023 йил июль ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров фармони билан энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат режими (ФҲР) жорий этилган эди. Бу режим расман тендер ва сармоя жалб қилиш жараёнларини соддалаштириш, ҳамда инфратузилмавий лойиҳаларни жадаллаштиришга қаратилган бўлса-да, амалда у соҳага хос чуқур ва йиллар давомида ечилмаган муаммоларни тан олишга мажбурий қадам бўлди.

Жорий куз-қиш мавсумида электр энергиясида жиддий танқислик кутилганини инобатга олган ҳолда, ФҲР режими амалда кутилаётган самарани бермагани қайд этиш мумкин. Ҳозирда Қирғизистон томонидан йилига 4 миллиард кВт/соат электр энергияси импорт қилинмоқда, бироқ бу йил қўшни мамлакатларда ҳам шунга ўхшаш танқислик юзага келаётгани туфайли, импорт ҳажми сезиларли даражада чекланиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, 2010 йилда юз берган инқилобга ҳам айнан энергетикадаги танқислик, юқори тарифлар ва узилишлар сабаб бўлган. Ўшанда президент Қурманбек Боқиев халқ норозилиги сабабли ҳокимиятдан четлатилган эди. Шунга қарамай, амалдаги ҳокимият бу фожиали воқеалардан тегишли хулоса чиқармагани аён бўлмоқда.

Киритилди: 19:28 24.09.2025. Ўқилди: 864 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!