Бугун 17 декабрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Қимматчиликми ёки тақчиллик: Гўшт нархи қачондир тушадими?

A A A
Қимматчиликми ёки тақчиллик: Гўшт нархи қачондир тушадими?

Сўнгги ойларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши одамлар орасида мураккаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Аслида бозор муносабатлари, мувозанатини ҳамиша ҳам ушлаб туриб бўлмайдиган талаб ва таклиф, валюта курсларининг ўйнаб туриши, пандемия сабаб юзага келган глобал иқтисодий хавф туфайли қандайдир даражада нархларнинг ошиб боришини табиий жараён сифатида қабул қилиш мумкин. Аммо нархлардаги, айнан озиқ-овқат маҳсулотлари нархларидаги кескин кўтарилиш оммада хавотир ва норозилик туйғуларини уйғотади.

Масалан, гўшт нархининг ошиши билан худди шундай вазият юзага келди. Айни пайтда мамлакатимиз бозорларида қорамол гўшти ўртача 80-90 минг сўмдан сотилаяпти. Илгари қўй гўшти нисбатан мол гўштига қараганда қимматроқ бўларди. Ҳозир эса қорамол гўшти нархининг кескин ошиб бориши бу нисбатни йўққа чиқарди. Эътирозларга ҳам ҳақли равишда қараш керак. Сабаби, атиги 1-2 ой олдин қорамол гўшти 50-55 минг сўм атрофида харид қилинган.

Аслини олганда бу ҳолатга ҳар йили тўқнаш келамиз. Иқтисодий тебранишларнинг қайсидир сабаблари туфайли гўшт маҳсулотининг нархи ҳар йили ошади. Асосий ва муҳим озиқ-овқат тури сифатида гўштнинг нархи ошишини ҳазм қилиш жуда қийин кечади. Жамоатчилик фикрини ифодаловчи асосий платформа саналган ижтимоий тармоқларда ҳам бу ҳолат резонанс келтириб чиқаради. Шу тариқа “Биз гўштни кўп еб қўяётган эканмиз”, мазмуни билан жамоатчилик вакилларининг жудаям хилма-хил фикрлари ўртага чиқади.

Асосий сабаблар нимада?

Давлатнинг ижтимоий ҳаётида жамоатчиликнинг фикри аслида муҳим ўрин тутади. Айни вазиятда ҳам нарх-навонинг баландлиги бошқарув вакилларининг ўлчовсиз ҳаракатлари, монополияга йўл бераётгани, қуйи қатлам “чўнтаги”ни эътиборга олмаётгани билан баҳоланмоқда. Кўпчиликнинг фикри бу борада молиявий органларга нисбатан негатив қарашлар билан чекланган. Хўш, гўшт нархининг кескин кўтарилишига қандай омиллар сабаб бўлмоқда: ниҳоятда гўштсевар халқмизми ёки маҳсулот импортининг камлиги бунга сабабми, чорвачилигимиз-чи, қай даражада ривожланган? Вазиятни шу нуқтаи назардан, бир неча омиллар воситасида таҳлил этиб кўрамиз.

2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистонда қорамол боши сонининг аҳоли сонига нисбати 36,8 фоизни ташкил этади. Яъни ҳар 1000 аҳоли жон бошига 368 бош қорамол тўғри келаяпти. Статистикага кўра, охирги 5 йилда одамлар 3-4 миллионга кўпайган. Лекин шунга мос равишда одамлар сонига нисбатан қорамол боши сонини ошган деб бўлмайди. Чорва молларини етиштириш эса бир неча ойларда ёки 1-2 йилда ўз натижасини кўрсатадиган соҳа эмас.

Статистика маълумотига кўра, Ўзбекистонда саноат йўли билан боқиладиган қорамоллар жами қорамолларнинг 5 фоизини ташкил қилади. Демак, гўшт маҳсулотларининг асосий қисми аҳоли хонадонлари орқали бозорга чиқади. Бу эса, ўз навбатида, ем-хашак нархлари, об-ҳавонинг ноқулай келиши каби қатор табиий омиллар туфайли бозорда нархларнинг назоратдан чиқишига сабаб бўлади. Асосий гўшт маҳсулотлари саноат даражасида етиштириладиган тақдирдагина бозорга кўп ва хилма-хил талаб даражасидаги гўшт киради ва нархларни мол эгалари эмас, бозорнинг ўзи белгилайдиган бўлади.

Чорва учун ажратилган триллионлар: туёқлар сони нега кўпаймади?

Чорвачиликни саноат даражасига олиб чиқиш нега шунчалик қийин? Аслида эса давлат томонидан бунинг механизми ишлаб чиқилган ва аллақачон йўлга қўйилган. Масалан, чорвачилик учун ажратилган кредитлар. Бу саноатлаштириш учун энг муҳим ва катта қадам эди. Маълумотларга кўра, охирги 3 йилда чорвачилик учун 11 триллион сўмдан зиёд кредитлар ажратилган. Бу кредитлар аҳолига имтиёзли фоизларда берилди. Аммо бу йиллар давомида шундай катта миқдорда ажратилган кредитлар мевасини чорвачилик саноати миқёсида умуман кўрмадик. Сабаби, йўналтирилган кредитларнинг асосий қисми мақсадли сарфланмади.

Яқинда Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида банк бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов чорвачилик учун берилган имтиёзли кредитларнинг асосий қисми бошқа фойдалироқ бизнесларга тикилгани ҳақида таъкидлаб ўтди. Бу борада имтиёзли кредитларнинг ажратилишида банкларнинг ва маҳаллий ҳокимликларнинг бюрократик, коррупцион ҳаракатлари туфайли имтиёзлар бошқа йўналишларга оқиб кетгани ҳақидаги фикрларни ҳам инкор этиб бўлмайди. Аммо аҳоли томонидан чорвачилик учун олинган имтиёзли кредитларнинг асосан бошқа мақсадлар учун сарфлангани рост. Охирги йилларда чорва кредити олиш туманлар ва қишлоқ одамлари орасида “урф”га айланди. Суриштирсангиз ҳар уч-тўрт хонадоннинг бири чорва ёки микрокредит олган бўлиб чиқади. Аммо бу хонадонларда на чорва моллари бор, на ферма. Битмай қолган уйни битказиш ёки бошқа моддий-шахсий муаммолар йўлида сарфланди бу маблағлар.

Марказий банк бошқарув раиси туёқ сони кўпаймаган ҳолда гўштга талаб ошаётганини, шу сабаб нарх кўтарилаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, ҳозирда маҳаллий ҳокимлик ва банкларга туёқ сони кўпайтириладиган тақдирдагина чорва учун кредитлар ажратиш талаби қўйилмоқда.

Демакки, шу пайтгача чорва учун триллионлар ажратилган, аммо туёқ сони кўпаймаган. Албатта, марказий банк қўяётган мазкур талаб қатъий назорат билан амалга оширилса самара беради. Аммо бунинг натижасини кўриш учун ҳали яна йиллар керак.

Гўшт нархи қимматлашаётганига давлат органлари изоҳ бера бошлади

Яқинда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги гўшт нархлари ошишига қуйидагича изоҳ берди:

ем-хашак учун пахта хомашёси, пўстлоқ ва ем аралашмаси захираларининг мавсумий камайиши;

Қозоғистон томонидан экспорт чекловлари туфайли қорамол импортининг қисқариши;

2020 йилнинг август ойи ўрталарида карантиндан сўнг умумий овқатланиш корхоналарининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига талаби ўсгани таъсир қилган.

Маълумотларда айтилишича, 2020 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1840 минг тонна гўшт ишлаб чиқарилган (2019 йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ) ва 34 минг тонна гўшт импорт қилинган. Худди мана шундай муносабат ва изоҳларни қатор давлат органлари, вилоят ҳокимликлари ҳам бера бошлади. Масалан, Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов вилоятда гўшт маҳсулоти аҳоли истеъмоли учун белгиланган меъёрдан 2,4 баробар кўп етиштирилганини маълум қилди. Сирдарё вилояти ҳокими озиқ-овқат захирасининг мўл-кўллигини қайд этиб ўтди. Бошқа вилоятлар ҳокимликлари ҳам бу борада маълумотлар тарқата бошладилар. Аммо реал вазият гўштнинг қимматлиги. Қанча захира, қанча маҳсулот ишлаб чиқарилганидан қатъи назар бу бу борадаги изоҳлар деярли эшитилмаяпти.

Нархларга чеклов қўйиш бу ечимми?

Жуда кўплаб, деярли барча иқтисодчиларнинг фикрича, нархларни назорат қилиш, умуман, барча маҳсулот турларига нисбатан ҳам мақбул ечим эмас. Нархни белгиланган шароитдан келиб чиқиб бозор белгилаши керак. Акс ҳолатда сифат масаласида анча паст натижага эришамиз. Харидорни алдаш, қинғир йўллар билан бозорга маҳсулот киритиш ҳоллари кўпаяди, раста ости савдо қилиш авж олади. Охир-оқибат, барибир аҳоли учун қулайлик бўлмайди. Бунда фермерлар, таъминотчилар, савдо тизимидагилар ва қассоблар чеклов орқали чегараланган пулларни гўшт нархига қўшадилар.

Яхши ва сифатли маҳсулот истовчи харидор раста остидан барибир ўша қиммат нархни тўлайди. Бундай олди-сотдини чўнтаги кўтармайдиганлар эса сифатсиз маҳсулот билан чорасиз қолади. Бундан бир-икки йил аввал худди шундай гўшт нархи қимматлашуви ва нархларга чеклов ўрнатилиши ортидан бозорга эшак гўштлари ва ўлган мол гўштлари ҳам кириб келганини унутмаслигимиз керак.

Айтишларича, ҳозирда бозорларга 60-70 минг сўм чеклови билан чиқарилаётган гўштлар эса асосан сўйилишга мўлжалланган қорамолларни 2-3 ойда интенсив боқиш, хусусан биоқўшимчалар билан озиқлантириш ҳисобига шакллантирилган экан. 2-3 ойда бундай усулда боқилган қорамоллар тез вазн олиб, сўйилади, аммо гўштнинг асосий қисми ёғ билан қопланган бўлади.

Шу сабаб охирги пайтлар гўшт расталарига ҳавояки ёпиштирилган “60 минг сўм” ёзувига бозорни тушунадиганлар ўз хавотирларини билдирмоқдалар.

Глобал озиқ-овқат инқирози башорат қилинди

Апрель ойининг бошидаёқ коронавирус пандемияси сабаб глобал миқёсда озиқ-овқат инқирози башорат қилинган эди. БМТ  Озиқ-овқат дастури прогнозига кўра, коронавирус пандемияси ортидан глобал озиқ-овқат инқирози кутилмоқда. Дастур мутахассислари 2020 йилда 265 миллион киши очликдан азият чекишини башорат қилган эди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра эса, ҳозирги кунда дунё бўйлаб 820 миллиондан ортиқ одам очликдан азият чекмоқда. Фақатгина Шарқий Aфрикада Жанубий Судан, Эфиопия, Сомали ва Кения каби мамлакатларда 15 миллион киши тўйиб овқатланмайди. Aфриканинг деярли барча мамлакатларига тарқалган коронавирус кўплаб минтақаларда, айниқса, иқтисодиёти ва соғлиқни сақлаш тизими заиф бўлган жойларда ҳақиқатан ҳам қийин вазиятни юзага келтирди.

Шунга қарамай, глобал қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш барқарор бўлиб тургани айтилмоқда. Сўнгги 10 йил ичида гўшт ишлаб чиқариш ҳажми 10 фоизга ошган. Худди  шунингдек, донли маҳсулотлар етиштириш ҳажми ҳам йилдан-йилга  ўсиб  бормоқда. Муҳими, озиқ-овқат  маҳсулотлари нархи  нисбатан барқарор даражада сақланиб турибди. Мисол учун, АҚШ биржаларида бугунги  кунда  буғдойнинг нархи  1970 йилдаги ўртача кўрсаткичдан атиги 20 фоизга қиммат.

Таҳлилчилар маълумотига кўра, коронавирус пандемияси  туфайли глобал   жорий  этилган  карантин чоралари қишлоқ хўжалигига жиддий таъсир кўрсатмаган. Хусусан,  жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида фермерларнинг ишлаши ва ҳаракатига жиддий чекловлар киритилмаган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, пандемия 2025 йилга келиб глобал иқтисодиётга тахминан 35 триллион доллар миқдорида зарар етказиши мумкин. Ҳозир жаҳон иқтисодиёти коронавирус пандемияси сабабли инқироздан сўнг тикланишнинг энг юқори чўққисини бошдан кечирмоқда, аммо йил охиригача мамлакатлар янги иқтисодий муаммоларга дуч келишлари мумкин, деб ёзмоқда Bloomberg нашри.

Қачондир гўшт нархи тушадими?

Молиявий ҳисоб-китобларда пандемиянинг эҳтимолий рисклари албатта назарда тутилиши лозим. Ва иқтисодий шарт-шароит ҳисобга олинган ҳолда қайсидир маънода аҳолига нарх-навони назорат қилиш орқали енгилликлар берилиши ўринли. Аммо қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари масаласига келганда, айнан, гўшт маҳсулоти мисолида бозор қоидалари ҳал этадиган паст-баландликни назоратда ушлаб туриш кутилган самарани бермаслиги аёнлашади. Бунда иқтисодий таҳлилларга асосланиб қуйидаги талаб ва таклифларни ўртага ташлаш мумкин:

чорвачилик учун ажратиладиган кредитлар ва ҳар қандай имтиёзли шартларни назоратда ушлаш;

чорва моллари етиштиришни саноат миқёсида сифатли даражада ташкиллаштириш;

нарх назоратини камайтириш, кўзбўямачилик асосида шакллантирилган нархларга чек қўйиш;

бу борада экспертлар билан доимий таҳлилларни олиб бориш.

Таҳлилчилар фикрига асосланиб айтиш мумкинки, шу каби асосий босқичлардан ўтилган тақдирда ҳам гўшт нархи арзонлашиши билан боғлиқ натижани келгуси 3-5 йиллардагина кўриш мумкин.

Мадҳия АВАЗОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири

Киритилди: 04:30 04.11.2020. Ўқилди: 3505 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!