АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан илгари сурилган Ғазо тинчлик режаси ўт очишни тўхтатишни таъминлайди, аммо унда аниқлик ва музокаралар талаб қилинадиган тафсилотлар мавжуд.
Бу ҳақда Қатар бош вазири ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол-Тани Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
"Трампнинг режаси урушни тугатишдек асосий мақсадига эришади, бироқ унда аниқлик ва музокаралар олиб бориладиган масалалар бор”, — деди у ва Қатар ва Миср воситачилари ҳужжатни ХАМАСга топшираётганда “асосий мақсад урушни тўхтатиш эканлигини аниқ кўрсатганини” таъкидлади.
Вазирнинг сўзларига кўра, режанинг тамойиллари кеча тақдим этилган, бироқ тафсилотлар ва амалга ошириш усуллари муҳокама қилиниши керак. Унинг қайд этишича, айниқса, Исроил қўшинларини олиб чиқиб кетиш масаласи аниқлик киритишни талаб қилади.
Қатар ТИВ раҳбари “ҳамма режага конструктив ёндашиб, урушни тугатиш имкониятидан фойдаланишига” умид билдирди.
Трампнинг Ғазо тинчлик режаси аввалроқ Оқ уй томонидан Америка раҳбари ва Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху ўртасидаги учрашувдан сўнг эълон қилинган эди. Нетаньяху АҚШ ташаббусини қўллаб-қувватлади.
20 банддан иборат режада барча исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш, Хамас таслим бўлиши, Ғазо секторига зарур инсонпарварлик ёрдами етказилиши ва анклавни технократик, сиёсий бўлмаган Фаластин маъмурияти бошчилигидаги муваққат маъмуриятга топшириш кўзда тутилган. Нетаньяху режага ўзгартириш киритди: Исроил армияси бўлинмаларининг Ғазодан босқичма-босқич олиб чиқилиши энди ХАМАСни қуролсизлантиришдаги тараққиёт билан бевосита боғлиқ ва Исроилга олиб чиқишни тўхтатиш ҳуқуқи берилган.