Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ғазо секторида содир бўлган воқеаларни геноцид деб атаб, бунга масъул шахслар жавобгарликка тортилиши кераклигини билдирди. У, шунингдек, минтақадаги можароларни дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирди. Бу ҳақда «Тасним» ахборот агентлиги хабар берди.
Амирнинг таъкидлашича, Қатар келишмовчиликларни музокаралар ва тинч дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш тарафдори. У минтақавий инқирознинг иқтисодий оқибатларига тўхталиб, Ҳурмуз бўғозидаги кема қатнови билан боғлиқ узилишлар ва Рас-Лаффан газ иншоотларига етказилган зарар Қатар экспортига жиддий таъсир кўрсатганини айтди.
Тамим бин Ҳамад Ол Соний Қатар жаҳон суюлтирилган табиий газ савдосининг қарийб бешдан бир қисмини таъминлашини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, энергия таъминотидаги ҳар қандай узилиш халқаро бозорлар ва истеъмолчиларга ҳам таъсир қилади.
Амир минтақавий стратегиянинг тўртта асосий йўналишини санаб ўтди: мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш, хизматлар ва таъминот занжирлари узлуксизлигини таъминлаш, ўт очишни тўхтатиш ҳамда кема қатновини тиклашга кўмаклашиш, шунингдек, томонларни музокаралар столига қайтариш.
Фаластин масаласига тўхталар экан, Қатар амири Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини кескин танқид қилди ва Ғарбий Соҳилда фаластинликларга нисбатан кўчманчилар ҳужумлари хавфидан огоҳлантирди.
«Ғазо секторида содир бўлган воқеа, шубҳасиз, геноциддир ва айбдорлар жавобгарликдан қочиб қутула олмаслиги керак», — деди у.
Амир Қатар минтақада барқарорликни таъминлаш, энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилиш ва можароларни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича халқаро ҳамкорликни давом эттиришини таъкидлади.