Бугун 28 апрель, 2025 йил, душанба

O'ZB

Қашқадарёдаги сўнгги бемор: "Бир ота сифатида хаёлимдан ўтаётганларини тушунтириб бера олмайман"

Қашқадарёдаги сўнгги бемор:  "Бир ота сифатида хаёлимдан ўтаётганларини тушунтириб бера олмайман"

Аввал хабар берганимиздек, Қашқадарё вилоятидан коронавирусга чалинган  энг сўнгги бемор ҳам реабилитицияга кузатилди.

Қайд этилишича, мазкур бемор Б.Ш. 36 ёшда, Чироқчи туманида яшайди. Унинг оиласидан жами беш нафар киши Тошкент шаҳридаги қариндошидан (у касаллик оқибатида вафот этди) коронавирус инфекциясини юқтириб олган.

Очиғи, бу мўъжизани кўпчилик  изоҳлашга ожиз қолмоқда. Гап шундаки, Б. Ш. ва унинг тўрт нафар фарзанди тождор вирусга чалинган бир пайтда, шукурки,  турмуш ўртоғини  бу дард негадир четлаб ўтди. Балки бу фақатгина болалари ва яқинлари саломатлигини тилайдиган ОНАларгагина насиб этадиган мўъжизавий қудрат ифодасидир?!

Айни пайтда карантиндан чиққан она ва унинг оғир дарддан соғайган саккиз ёшли фарзанди Чироқчидаги уйига кузатилиб, хонадони чироғини ёқди...

- Оиламни бу дард чангалидан асраб қолган шифокорларимизга бошим ерга теккунича таъзим қиламан, - дейди оила соҳиби. - Касаллик аломатлари билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига келтирилган куним ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Хаёлимда фақат биргина ташвиш  - "Эй худо, оиламни, болаларимни ўзинг асра! Бу дард дунёни зир титратиб турибди, биз нима қила оламиз энди?!" Президентимизга, ҳукуматимизга минг раҳмат! Дунёнинг манаман деган давлатлари даволаш харажатлари фалон минг доллар деб  турганида бутунлай текинга оиламнинг саломатлигини асраб қолиб, бизни оёққа турғазишди. Бир ота сифатида хаёлимдан ўтаётганларини ҳозир тушунтириб бера олмайман. Оғир дарддан соғайган болаларим қаторида яқин инсонларимга айланиб қолган, ўз ҳаловатидан кечиб, бизга ғамхўрлик қилган дўхтирларни ҳам бағримга босгим келади...

Дарвоқе, сўнгги бемор реабилитацияга кузатилган куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг фидойи тиббиёт ходимларига миннатдорлик туҳфалари - озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бундай рағбатлар ҳали кўп давом этади. Зеро, эл саломатлигининг асл посбонлари ҳар қанча қадр, ҳурмат ва рағбатга муносибдир!

Нуриддин Эгамов,
Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
ахборот хизмати раҳбари.

Киритилди: 17:08 01.05.2020. Ўқилди: 3841 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!