Қашқадарё вилоятида тугатилиш арафасида турган коллежлар касб-ҳунар мактаблари ва техникумларга айлантирилмоқда.
“Nasafnews” мухбирининг ёзишича, Шаҳрисабз агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи, Чироқчи транспорт касб-ҳунар коллежи, Косон компьютер технология касб-ҳунар коллежи негизида намунали касб-ҳунар мактаби ташкил этилади. Ғузор нефт ва газ саноати касб-ҳунар коллежи эса вилоят бўйича намунали техникумга айлантирилади.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомилллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада ҳуқуқий асос бўлади.
Фармонга кўра, Қашқадарё вилоятида жами 34 та касб-ҳунар мактаблари ва техникумлар ташкил этилмоқда. Улардан 3 таси профессионал таълим муассасаларидир.
-Намунали касб-ҳунар мактаблари рўйхатида Косон компьютер технология касб-ҳунар коллежи ҳам бор,- дейди коллеж директори Фарҳод Хусайинов. Президент фармонига кўра, касб-ҳунар мактаблари 9 -синфни тамомлаган мактаб ўқувчиларини 2 йиллик ўқишга қабул қилади. Мактабда бошланғич ҳунар ўргатилади. Энг қизиғи касб-ҳунар мактабларида ўқувчиларга стипендия берилади, ётоқхона ва озиқ-овқат билан бепул таъминланади. Жорий йилнинг ёз ойларида қабул бошланса, 1 сентябрдан касб-ҳунар мактаблари иш фаолиятини тўлиқ бошлайди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Қашқадарёдаги 3 та профессионал таълим муассасаларининг ўқув бинолари, ётоқхона, ошхона ҳамда устахоналарининг моддий-техник базасини намунали ҳолатга келтириш борасида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган.
Manba: NNews. uz