Қашқадарё вилоятида “Сардор гангстер” тахаллуси билан ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилиб келган 26 ёшли Сардор Сафарбоев 10 суткага қамалди. Бу ҳақда вилоят судлари ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган, ўзининг TikTok ва YouTube’даги видеолари орқали жамоатчиликка танилган Сардор Сафарбоевга Нишон туман судининг 21 февралдаги қарори билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 184-3-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган.
23 февраль куни Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Сафарбоевнинг шикояти апелляция тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.