Яқинда таҳририятимизга Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар “Қўрғонча” маҳалласида яшовчи Ҳ.Шамсиевдан мурожаат келиб тушди. Унда фуқаронинг уй-жой ютиб олиш учун аукцион савдоларида қатнашгани, салоҳиятли ғолиб сифатида топилгани, аммо ҳали ҳамон Қарши шаҳар мажбурий ижро бюроси томонидан мол-мулк унга топширилмасдан келаётгани акс этган.
Мурожаатни ўрганиш асносида олинган хулосалар қуйидагича бўлди.
Маълум бўлишича, Ҳ.Шамсиев 2023 йил 24 март куни онлайн “Е-Аукцион” савдосига қатнашиб, лот рақами №4713163 бўлган Қарши шаҳар “Рогузар” маҳалласи “И.Каримов” кўчаси 497-уй 7-хонадонни салоҳиятли ғолиби сифатида тасарруф этилган. Аниқроғи Ҳ.Шамсиевдан олдинда турган аукцион ғолиби белгиланган муддатда уйни пулларини тўламаганлиги сабабли, онлайн аукцион иккинчи салоҳиятли ғолиб сифатида уйни Ҳ.Шамсиевга таклиф қилган. Шундан сўнг у уйнинг пулларини тўлиқ тўлагандан сўнг “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” унитар корхонаси томонидан 2023 йилнинг 25 апрел санасида №ОА0414-889655-сонли “электрон онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги” баённома расмийлаштирилган.
Баённомада Ҳусанжон Шамсиевнинг ғолиб сифатида топилгани ва унга уй 229 миллион 545 минг 750 сўмга сотилгани қайд этилган.
– Баённомани олиб Қарши шаҳар мажбурий ижро бюросига борганимизда ижро ходими уйни олиб беролмаслигини айтди, – дейди Ҳ.Шамсиев. – Биз ҳайрон қолдик ва сабабини сўраганимизда уйни эгаси аукционда биринчи ғолиб бўлган фуқаро билан ўзаро келишиб уйни сотганини айтди. Уй аукцион савдоларига қўйилсаю, биз ғолиб сифатида топилиб пулини тўласакда, муддатида тўловни қилмаган биринчи ғолиб, уйнинг асл эгаси билан келишиб уйни сотиб юборса? Унда аукциондаги шаффоф тизим қаерда қолди? Аслида уйни суднинг қарорига асосан аукцион савдоларига қўйган мажбурий ижро бюроси қандай қилиб бундан бехабар қолади? Банк ва Ижро ходимлари аукцион жараёни кетаётганини билиб туриб нима учун ноқонуний иш қилди? Давлатимиз раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилган қарорларни Банк ва Мажбурий ижро бюроси тан олмайдими? Ёки қандайдир манфаат борми? Уйни 2023 йил 19 апрель куни олди-сотди қилишган. Қандай қилиб аукционда турган вақтда уйни тақиқлари ечиб юборилди?
Ушбу ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилояти бошқармасидан сўраган изоҳимизга қуйидагича жавоб келди:
“Қарши шаҳар, Қўрғонча МФЙ, Боғбон кўчаси 42-уйда яшовчи Х.Шамсиевнинг мурожаати юзасидан.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 24.10.2019 йидаги 2-1801-1910/20849-сонли ижро варақасига асосан қарздорлар Жўраев Аброр Толибович ва ЯТТ Жўраев Аброр Толибовичлардан ундирувчи АТБ “Асакабанк” фойдасига кредит ва фоиздан бўлган жами 153 140 367 сўм ундириш ҳамда ундирув Жўраев Аброр Толибовичга тегишли бўлган, гаровга қўйилган Қарши шаҳар Рогузар МФЙ, И.Каримов кўчаси 497-уй, 7-хонадонга қаратиш ҳақидаги ижро ҳужжатининг индекс-1 (қарздор Жўраев Аброр Толипович) Бюронинг Қарши шаҳар бўлимига 04.12.2020 йилда келиб тушган ва ижро иши юритилган.
Ижро иши ундирувчи АТБ “Асакабанк” Қарши филиали ижро ҳужжатини қайтариш ҳақидаги марожаат қилган хатига 31.03.2021 йилда Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги Қонуннинг 40-моддаси 1-қисми 1-банди билан тамомланган.
Ижро ҳужжатининг индекс-2 яъни қарздор ЯТТ Жўраев Аброр Толиповичдан 153 140 367 сўм қарздорликни ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати 14.12.2022 йилда Бюронинг Қарши шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритилган.
Гаровга қўйилган Қарши шаҳар Рогузар МФЙ, И.Каримов кўчаси 497-уй, 7-хонадон фуқаро А.Жўраевга тегишли бўлганлиги ҳамда Бюро туман-шаҳар бўлимилари иш юритувида фуқаро А.Жўраевнинг ҳисобидан мулкий ва номулкий ундирув билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўлмаганлиги сабабли унинг номида бўлган мол-мулкларига тақиқ ўрнатилмаган.
Ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочиси томонидан ижро ҳужжати бўйича гаров мулки бўлган Жўраев Аброр Толибовичга тегишли бўлган, гаровга қўйилган мулк хатланиб, гаров ҳужжатларида баҳолаш далолатномасига асосан 199 605 000 сўмга электрон онлайн-аукцион чиқариш тўғрисида 27.01.2023 йилда қарор қабул қилинган.
Гаров мулки 18.02.2023 йилда электрон онлайн-аукцион савдосига юборилган ва 21.02.2023 йилда савдога чиқарилган ҳамда савдо куни 24.03.2023 йил этиб белгиланган.
Электрон онлайн-аукцион савдоси натижаларига кўра фуқаро Шамсиев Ҳусанжон Шокир ўғли томонидан иккинчи ғолиб сифатида 229 545 750 сўмга сотиб олинган ва 25.04.2023 йилда электрон онлайн аукцион натижалари тўғрисида №ОА0414-889655-сонли баённома расмийлаштирилган.
Бироқ мазкур баённома расмийлаштирилгунга қадар қарздор томонидан кредит қарздорлиги тўлиқ тўланиб, гаров таъминоти сифатида ҳисобдан чиқарилган ҳамда 19.04.2023 йилдаги олди-сотди шартномасига асосан нотариал тартибда А.Жўраев томонидан У.Каримовга сотилган.
Шундан сўнг, ундирувчи АТБ “Асакабанк” Қарши филиали томонидан 20.04.2023 йилда 11-02/315-сонли хат билан ижро ҳужжатини ижро қилмасдан қайтариш ҳақида мурожаат қилган.
Бундан ташқари, АТБ “Асакабанк” томонидан 11.04.2023 йилда нотариал идораларига 16-02/159-сонлм хат билан мурожаат қилиб, мурожаатида қарздорлар Жўраев Аброр Толибович ундирувчи АТБ “Асакабанк” фойдасига асосий қарз ва фоизлардан қарздорлиги мавжуд эмаслиги ва гаровга қўйилган Қарши шаҳар Рогузар МФЙ, И.Каримов кўчаси 497-уй, 7-хонадонга қўйилган тақиқни бекор қилишни сўраган.”
Мажбурий ижронинг вилоят бошқармаси берган маълумотда ҳам чалкашлик бордек. Бошида А.Жўраевнинг ҳисобидан мулкий ва номулкий ундирув билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўлмаганлиги сабабли унинг номида бўлган мол-мулкларига тақиқ ўрнатилмаган дейилса, охирида “Асакабанк” фойдасига асосий қарз ва фоизлардан қарздорлиги мавжуд эмаслиги ва гаровга қўйилган Қарши шаҳар Рогузар МФЙ, “И.Каримов” кўчаси 497-уй, 7-хонадонга қўйилган тақиқни бекор қилишни сўраган, дейилмоқда. Савол туғилади тақиқ қўйилмаган бўлса, нега банк тақиқни бекор қилишни сўраган?
Демак қарздорнинг номидаги гаровга қўйилган мулк хатловдан ўтказилиб, аукцион савдоларига қўйилар экан қандай қилиб унга тақиқ қўйилмайди? Саволлар кўп, аммо жавоблар чалкаш.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3149-сонли Қарор чиқарилган. Қарор билан тасдиқланган Низомнинг 52-бандига асосан Аукцион натижалари ҳақидаги баённома олди-сотди кучига эга бўлиб, мол-мулкни тақиқдан ечиш, уни аукцион ғолибига топшириш, шунингдек, ғолиб номига мулкни, мулк ҳуқуқини ва бошқа мулкий ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш) учун асос ҳисобланади, дейилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 46-бандига мувофиқ мазкур баённома олди-сотди шартномаси кучига эга бўлиб, мулк ва мулкий ҳуқуқни давлат рўйхатдан ўтказиш учун асос ҳисобланади.
У ушбу муаммо билан вилоят прокуратурасига ҳам мурожаат қилган, аммо улардан ҳам тайинли жавоб ололмаган. 229 миллион сўм кичкина маблағ эмас. Хўш, ҳозирги ҳолатда мажбурий ижронинг гапини тингласа, тўлаган пулларини қайтариб олиши керак, аммо онлайн аукцион тизими ғолиб деб топгани учун мулкка эгалик қилишни бекор қилса, савдода қатнашгунча тўланган сумма куйиб кетади. Хуллас фуқаро Ҳ.Шамсиевнинг бўлаётган ўйинлардан боши қотган.