Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қарши шаҳри бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро З.Қ. 2 та елим пакетга солинган сариқ ва қизил рангли 29 дона капсула ҳамда 60 дона “Gabaten” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини фуқарога 500 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Улуғнор туман бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.А. фуқаро М.Х.га хорижда ишлаб чиқарилган 4 дона “Регапен” ҳамда 1 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 670 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, ундан дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.