Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги 6-мактаб ўқувчилари мактаб ҳовлисида дарс ўтаётгани тасвирланган видео тарқалди. “Facebook”даги «Potrebitel.uz» гуруҳида қолдирилган хабарда мактабда синфхоналар етишмаслиги сабаб инглиз тили дарси ҳовлида ўтилгани ҳақида айтилди.
Дастлаб Қарши туман халқ таълими бўлими мудири ушбу видео ва суратлар тумандаги мактабларга оид эмаслигини маълум қилганди.
Кейинроқ Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси ва Қарши тумани ҳокимлиги ушбу ҳолатни ўрганиб чиқди ва тумандаги 6-мактабда дарс чиндан ҳам асфальт устида ўтказилганини тасдиқлади.
«Қарши туманидаги 6-мактабда дарс машғулоти асфальт устида ўтказилганлиги акс этган видеолавҳадаги ҳолат юзасидан тегишли маълумотлар Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси, туман ҳокимлиги ҳамда туман матбуот хизмати томонидан ўрганиб чиқилди.
Мактаб қуввати 1060 ўқувчи ўрнига эга. Айни пайтда мазкур таълим даргоҳида 1884 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олмоқда. Унда 141 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатади. Ушбу мактаб учун 2018 йил 420 ўринли қўшимча бино қурилиб барча жиҳозлар, парта ва стуллар етарли даражада таъминланган ва дарс машғулотларини ўтказиш учун синфхоналар тўлиқ етарли. Мактабда синф сони 60та. Дарслар 2 навбатда ўқитилади. Жами 27та синфхона, 5та қўшимча синфхона, 6та фан кабинетлари ва дарслар бўлиб ўқитиладиган 12та кичик хоналар мавжуд.
Мазкур видеолавҳадаги ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилганда, қуйидагилар аниқланди: мактабнинг VI «Г» синфида 1-гуруҳда Дилафрўз Ҳасанова ҳамда 2-гуруҳда Мафтуна Зарипова дарс беришади. Синфда ўқувчилар сони 32 нафарни ташкил этади. Асфальт устида ўтказилган дарс акс этган видеолавҳадаги ҳолат юзасидан Дилафрўз Ҳасанова қуйидагича изоҳ берди: 2019 йил 10 октябрь куни Дилафрўз Ҳасанова VI «Г» синфда тасдиқланган дарс жадвали асосида 4-соатда дарсини ўтган. Мавзу табиат манзараларига оид бўлганлиги сабабли дарс машғулоти тугашига 10 дақиқа қолганида ўқувчиларни мактаб ҳовлисига олиб чиққан ва мавзуга доир маълумотларни ўқувчиларга шу ерда тушунтиришга ҳаракат қилган. Инглиз тили фани методбирлашма раҳбари Д.Эркаева эса дарс машғулотини ўқитувчи Қўзибоева Нодиранинг телефони орқали видеога олган. Д.Эркаеванинг айтишича, у шунчаки тасвирга олган ва видеолавҳа бундай тарқалиб кетишини билмаганидан афсусланмоқда. Бундай ҳолатнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганлигидан ўқитувчи Д.Ҳасанова ҳам афсусда эканлигини билдирди.
Қарши туман ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, мактабдаги барча синфларда дарслар белгиланган жадвал асосида ўз вақтида ўтилмоқда. Ўқувчиларга жой етишмаслиги муаммоси йўқ.
Мазкур ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ томонидан мактаб жамоаси ва масъулларга тушунтириш берилди. Бундан буён таълим-тарбия жараёнига янада эътиборли бўлишлари таъкидланди», дейилади Қарши тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.
Бундан олдинроқ Фарғона шаҳридаги 24-сонли умумтаълим мактабининг 1-синф ўқувчиларига парталари йўқ синфда, полда ўтириб дарс ўтилаётгани тасвирлари тарқалганди. Халқ таълими вазирлиги бу ҳолат юзасидан изоҳ бериб, мактабдаги барча синфларда дарслар белгиланган жадвал асосида ўз вақтида ўтилаётгани, ўқувчиларга жой етишмаслиги муаммоси йўқлигини билдирганди.
Мактаб директори Ихтиёр Мамажоновнинг таълим муассасасида 2 октябрь куни эски парталар янгиларига алмаштирилгани, янгилари қўйилгунча айрим хоналарда парталар бўлмаган ва интернетда тарқалган сурат шу жараёнда олингани, синфда парталар 20 дақиқа давомида бўлмаган, ҳозирда синфхоналар парта ва стуллар билан тўлиқ таъминланганини маълум қилганди.
Маълумот учун, сентябрь ойида ҳам мактаб ўқувчилари полда ўтиргани тасвирлари тарқалганди.
Ўшанда Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг 4-инф ўқувчилари стол-стулсиз полда ўтиргани акс этган сурат тарқалган, Навоий вилояти ҳокимлиги бу сурат дарс вақтида эмас, якшанба куни олинганини айтса, мактаб ўқитувчиси бу сурат парта ва стулларга ҳожат бўлмаган хонада, махсус дарс вақтида олинганини тан олганди.