Мазкур масалада мурожаат қилган аёлларнинг муаммосини фақат нафақа тўлаш нуқтаи назаридан эмас, балки бошқа қийинчиликлари билан биргаликда комплекс равишда кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан 309 нафар аёлнинг фарзандини боғчага жойлаштиради. Ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаоллари билан 82 нафар ишсиз аёлни касбга ўқитиб, маҳалланинг ўзида ишлашига шароит қилиб беради.
159 нафар ёлғиз оналарнинг 90 нафарига тадбиркорликни бошлаш учун, яна 69 нафарига эса фаолиятини кенгайтириш учун имтиёзли кредит олишга кўмаклашилади. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан 34 нафар ногиронлиги бор одамга ижтимоий хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилади.
Қарши шаҳри ҳокимига ҳар бир ариза ва шикоятни мана шундай таҳлил қилиб, масъулларига тақсимлаб, биринчи ярим йилликда шаҳарни мурожаатлар билан ишлаш бўйича намунали ҳудудга айлантириш топширилди. Бу жараёнда унга вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, вилоятдаги ташкилотлар раҳбарлари яқиндан кўмаклашиши белгиланди.
Умуман, барча ҳудудлар ва 208 та туман-шаҳар ҳокимларига Қарши шаҳри мисолида айтилган тизимни самарали йўлга қўйиб, одамларнинг оғирини енгил қилиш вазифаси қўйилди. Улар бу борадаги иш режасини ҳар ой маҳаллий Халқ депутатлари кенгашларида тасдиқлатиб, аҳолига мурожаат қилади.
Худди шундай барча вазирлар ҳам ўз соҳасида бўлаётган эътирозларни камайтириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаб, брифинг ўтказади ва режаларини одамларга етказади.