Қамаши тумани Узун қишлоғида жойлашган 64-мактабнинг 3-синф ўқувчисини пиёдалар ўтиш йўлагидан "Камаз" босиб кетгани, воқеа оқибатида қизалоқ ҳалок бўлган.
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
2022 йил 22 ноябрь соат тахминан 12:30 ларда ҳайдовчи Н.Б. бошқарувида бўлган "Камаз" русумли автотранспорт воситасини А-378 "Самарқанд-Ғузор" автомобиль йўлидан Ғузор тумани томон бошқариб бориб, Қамаши тумани "Узун" МФЙ ҳудудининг 124 км.га келганда пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган Қамаши тумани "Узун" МФЙда яшовчи вояга етмаган қизни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Натижада вояга етмаган қиз оғир тан жароҳати олиб вафот этган.
"Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши туман ИИБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган ва жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг ажримига асосан айбланувчи Н.Б.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда",- дейилади хабарда.