Бугун 13 август, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Қадр кечаси ва ундаги аломатлар

A A A
Қадр кечаси ва ундаги аломатлар

Рамазони шариф Пайғамбарлар орзу қилган ойдир. Чунки бу ойда қилинган ибодатларнинг фазли, даражаси жуда улуғдир. Бу ой Қуръон ойи, хайру саховот ва меҳру мурувват ойи ҳамдир. Яна бу ойда муборак бир кеча бўлиб, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Яъни ким ўша кечани ибодат билан ўтказадиган бўлса, бошқа пайтда минг ой ибодат қилгандан кўра кўпроқ савобга эришади. Бироқ у қайси кечада бўлиши аниқ айтилмаган. Уламолар ҳадисларга суянган ҳолда Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида бўлишига иттифоқ бўлишган ва у кечада бўладиган баъзи аломатларни баён этишган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади”, дедилар (Имом Насаий ривояти).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда иймон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта, Аллоҳ аввалгию кейинги гуноҳларини кечиради. У тоқ рақамли кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёки охирги кеча қадр кечасидир”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Аксар уламоларнинг фикрига кўра, Қадр кечаси ҳар Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир. Зирр розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳуга: «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким бир йил тунлари қоим бўлса, Қадр кечасини топади”, деб айтганлар», деганида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (яъни, Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин, ҳақиқатда у Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар у нарсага суяниб қолмаслигини хоҳлаб айтмасди, — деди. Сўнгра қатъий қасам ичиб: — Йигирма еттинчи кечада”, деди. Шунда мен: “Эй Абу Мунзир, нима далил билан бундай дейсан?” дедим. У Зот: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ва Теримизий ривояти).

Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қанча саҳобалари Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг тушларингиз Лайлатул қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Кимки Лайлатул қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!", дедилар" (Имом Бухорий ривояти).

Аслида, Қадр кечасини қачон бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Фақат тахмин қилинади, холос. Шу боисдан фақиҳлар томонидан унинг қачон бўлиши ҳақида қирқдан зиёд қавллар, тахминлар айтилган. Жумладан, Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳул борий”, Муҳаммад Абдулғафурнинг “Ал-Исъоф” асарида ҳам зикр этилган.

Қадр кечасининг аломатлари ҳақида саҳиҳ ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Уларда айтилишича, Қадр кечасида сукунат ҳукм суради, юлдузлар учмайди, ҳаво мўътадиллашади: иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Эрталаб қуёш қизариб, тоғарага ўхшаш бўлиб,  ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтаради. Сабаби ўша тун ва кунда фаришталар кўплаб тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини ҳам тўсиб қўяди. Қадр кечасида ёмғир ёғмайди, ёғса ҳам ўта майин ва ёқимли бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини тавсифлаб, бундай дедилар:

“Бу кеча мурувватли, (яхши, саховатли), бўшашган, (озод, сокин), иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмасдир. Унинг қуёши ўша тонгда қип-қизил заиф бўлиб чиқади” (Имом Абу Довуд ва Баззор ривояти).

Саҳобаларнинг улуғ қориларидан бири Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Қадр кечасини йигирма еттинчи кечада бўлишини айтар ва дер эканлар:

“У бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган кеча бўлиб, қуёш ўшанда оппоқ бўлиб, милтиллаб, ялтиллаб чиқади” (Имом Муслим, Аҳмад, Абу Довуд, Байҳақий ва Ибн Аби Шайба ривоятлари).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

انّ أمارة ليلة القدر انها صافية بلجة كانّ فيها قمرا ساطعا ساكنة ساجية لا برد فيها ولا حرّ ولا يحلّ لكواكب ان يرمى به فيها حتى تصبح. وانّ أمارتها انّ الشمس صبيحتها تخرج مستوية ليس لها شعاع مثل القمر ليلة البدر ولا يحلّ للشيطان ان يخرج معها يومئذٍ

“Албатта Қадр кечасининг аломатлари шуки, у мусаффо, ёп-ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади. У кечада (ўта) совуқ ҳам, (жуда) иссиқ ҳам бўлмайди. Ўша кечада тонггача юлдузлар отилишига йўл қўйилмайди. Яна унинг аломатларидан бири қуёш эрталаб ўн тўрт кечалик ойга ўхшаб, нурсиз чарақламасдан чиқади. Ўша куни шайтонлар чиқишига ҳам йўл қўйилмайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Абу Осим Набил Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечалардан биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, гўё ой борга ўхшайди. У кеча тонг отгунигача шайтонлар чиқмайди”, дедилар».

Қадр кечасининг Рамазон ойига яширилишининг ҳикмати ўлим вақтини ва қиёматни яшириш ҳикмати кабидир. Шунинг учун Қадр кечаси мўминлар тоат этишга рағбат ва ҳаракатни кучайтириши, ғофил ва дангаса бўлмаслиги лозим. Абул Олия розияллоҳу анҳу  ривоят қилади: “Бир аъробий кимса Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, "Лайлатул Қадр қачон бўлади?" деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бундай дедилар: "Лайлатул Қадрни Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!" (Имом Абу Довуд ривояти). 

Парвардигори олам ўзи хоҳлаган бандасига Қадр кечасини билдиради. Қадр кечасини аниқ билиб тонг отгунча ибодат қилиб чиқиш афзалдир. Буни билиб, сезиб қолиш бир фазилат бўлгани учун аллома Ибн Ҳажар Асқалоний уни билган тақдирда ҳам ҳеч кимга гапирмаган маъқул, деганлар.

Имом Табарий ва Имом Байҳақий ривоятларида яна мазкур муборак кечада касалликлар пайдо бўлмаслиги, шўр сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туриши кабилар ҳам зикр этилади.

Агар Лайлатул Қадр борасидаги барча қавлларни тўпланса, қирқдан ортиқ фикрлар мажмуаси ҳосил бўлади. Аммо биз бу ўринда энг ишончли ҳадисларда ворид бўлганларинигина келтирдик.

Manba: azon.uz

Киритилди: 21:30 28.05.2019. Ўқилди: 7604 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!