Путин ва Уиткофф Украина масаласи бўйича муросага эриша олмади — Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков.
Кремлда Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал этиш масаласида Россия ва АҚШ ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Россия оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, учрашув деярли беш соат давом этган.
Музокараларда Россия томонидан президент Владимир Путин, унинг ёрдамчиси Юрий Ушаков ва президентнинг махсус вакили Кирилл Дмитриев иштирок этди. Қўшма Штатлар томонидан эса музокараларда АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер қатнашди.
Ушаковнинг таъкидлашича, Владимир Путин Вашингтоннинг қатор таклифларига нисбатан “танқидий, ҳатто салбий муносабатда” эканини яширмаган. Унинг айтишича, учрашувда “аниқ ҳудудий масалалар” ҳам муҳокама қилинган.
"Ҳозирча муроса варианти топилмади. Бироқ америкаликлар тайёрлаган айрим таклифлар шунчаки қабул қилиб бўлмас эмас, маълум маънода қабул қилиниши мумкин. Лекин уларни муҳокама қилиш керак. Бизга таклиф этилган баъзи ифодалар мос келмайди. Демак, иш давом этади", — дея таъкидлади Путин ёрдамчиси.
Ушаков, шунингдек, делегациялар учрашувини жуда “фойдали, конструктив ва мазмунли” деб атади. Журналистлар “ушбу музокаралардан сўнг тинчлик яқинлашдими ёки узоқлашдими?” деб сўраганида, у: "Аниқки, узоқлашмади. Бироқ ҳам Вaшингтонда, ҳам Москвада ҳали жуда катта иш олдинда турибди", — деб жавоб берди.
Унинг сўзларига кўра, суҳбат “бутунлай ёпиқ, махфий” шаклда ўтган ва музокараларнинг асл мазмуни ошкор этилмайди. АҚШ вакиллари Россия президенти билан учрашув натижалари ҳақида Доналд Трампга “шахсан” ҳисобот беради, шундан сўнг, эҳтимол, кейинги муҳокамалар учун Москва билан телефон орқали яна боғланишади.