Бугун 14 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Путин Украина энергетикаси ва сув таъминотига кучли зарбалар беришга тайёргарлик кўрмоқда — New York Times

Путин Украина энергетикаси ва сув таъминотига кучли зарбалар беришга тайёргарлик кўрмоқда — New York Times

«New York Times» газетаси хабар беришича, Россия Украинадаги энергетика ва сув таъминоти инфратузилмасига қиш мавсумида янада кенг кўламли зарбалар беришни режалаштирмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Владимир Путин Киев, Одесса ва Харков каби йирик шаҳарларни электр энергияси, иссиқлик ва сув таъминотидан маҳрум қилиш орқали уларни яшаш учун деярли яроқсиз ҳолга келтиришни мақсад қилган бўлиши мумкин. Режага кўра, айрим шаҳарларда электр таъминотининг 90 фоизгача қисми ишдан чиқарилиши эҳтимоли айтилган.

Ҳужумлар иссиқлик электр станциялари, насос станциялари ва қозонхоналар билан чекланмаслиги мумкин. Россия қўмондонлиги Украинадаги атом электр станцияларини ҳам тармоқдан узиш мақсадида реакторларни электр тизими билан боғлаб турувчи тақсимлаш қурилмаларини йўқ қилишни режалаштиргани ҳақида маълумотлар келтирилган.

Газетага кўра, Украина энергетика вазири Денис Шмигал икки ҳафта аввал Парижда Европа иттифоқчиларига Россиянинг эҳтимолий ҳужум режалари акс этган ҳужжатни тақдим этган. Тахминларга кўра, ушбу ҳужжат Украина томонидан қўлга киритилган. Ҳужжат нусхаси «New York Times» ихтиёрига ҳам тушган.

Ўтган қишда Украинада кўплаб аҳоли кунига 12 соатдан ортиқ электр энергиясиз қолган. Иссиқлик таъминотидаги узилишлар, совуқ уйлар ва сув танқислиги айрим ҳудудларда кундалик муаммога айланган. Украина электр станцияларини таъмирлаш, янги объектлар қуриш ва муҳим тармоқларни ҳимоя қилиш учун юзлаб миллион евро сарфлаган.

Нашр таъкидлашича, Украинага ҳаво мудофааси ракеталари етишмаяпти. Эҳтимолий ҳужум режасига кўра, Россия бир вақтнинг ўзида мингтагача ракета, учувчисиз учиш аппаратлари ва авиация бомбаларидан фойдаланиши мумкин.

Украиналик амалдорлар эса кенг кўламли ҳужумлар натижасида сув таъминоти издан чиққан тақдирда, мамлакатда бундай ҳолатнинг олдини олиш ёки унинг оқибатларини юмшатиш учун етарли захира имкониятлари мавжуд эмаслигидан хавотир билдирмоқда.

Киритилди: 16:10 02.10.2026. Ўқилди: 755 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!