Ғазо сектори гуманитар фалокатни бошидан кечирмоқда, ҳатто инсонпарварлик ёрдамини ҳам тақиқлаш қарори вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Москвада Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашувда маълум қилди.
Путин Россия анъанавий тарзда Фаластин билан муносабатларга катта аҳамият беришини таъкидлади.
💬 "Халқларимизни мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туради. Биз Фаластин-Исроил можароси ҳудудида 51 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган фожиали воқеаларни хавотир ва ҳамдардлик билан кузатмоқдамиз. Ғарбий соҳилда ҳам кескинлик кучаймоқда. Ғазо сектори тўлиқ маънода гуманитар фалокатни бошидан кечирмоқда", - деди у.
Президент Россия мунтазам равишда инсонпарварлик ёрдами кўрсатаётганини таъкидлади. Ўтган йил давомида Ғазога 800 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами - озиқ-овқат, дори-дармон ва зарурий нарсалар юборилган.
“Биз минтақада барқарор тинчликка фақат икки халқ учун икки давлат барпо этилишини назарда тутувчи умумеътироф этилган халқаро-ҳуқуқий асосдагина эришиш мумкинлигига доимо амин бўлганмиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Путиннинг таъкидлашича, Россия инсонпарварлик ёрдамини таъминлаш ва Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнини қайта тиклашни изчил қўллаб-қувватлайди.
"Афсуски, вазият ёмонлашмоқда, мен ҳозиргина гуманитар инқироз, фалокат ҳақида гапирдим ва бу, албатта, ҳатто инсонпарварлик ёрдамини, Ғазо секторига зарур товарлар ва электр энергиясини этказиб беришни тақиқлаш тўғрисидаги қарорлар билан янада оғирлашмоқда, бу айниқса ташвишлидир", дея қўшимча қилди у.
Президент йил бошида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви бузилганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Ғазодаги вазият ёмонлашишда давом этмоқда.
"Биз, албатта, сиз билан бу масалаларнинг барчасини муҳокама қиламиз ва Россия тарангликни пасайтириш учун қўшимча нима қилиши мумкинлиги ҳақида фикр алмашамиз. Албатта, икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни эътибордан четда қолдирмаймиз. Декабр ойида Москвада Россия-Фаластин ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди, унда келгуси ҳамкорликдаги ишимиз учун йўналишлар белгилаб олинди", — дея хулоса қилди Путин.