Президент Шавкат Мирзиёев Uzbekistan Airways авиакомпаниясига Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларидан (БҲМС) Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХС) ўтишни топширди. Бу ҳақда компания раиси Шуҳрат Худойқулов президентнинг хусусийлаштириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишидан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
Шуҳрат Худойқуловнинг сўзларига кўра, бу келажакда авиаташувчига харажатларни капиталлаштиришга, шунингдек, «чипталар нархини ушлаб туришга, бозорда мослашувчан ва республика аҳолиси учун қулай бўлишга» имкон беради.
«Президент бизнинг олдимизга авиачипталар нархини оширмаслик ва бу жараённи маълум даражада назорат қилиш вазифасини қўймоқда», — дейди Uzbekistan Airways авиакомпанияси раиси.
Шунингдек, Худойқулов миллий авиакомпания олдига халқаро бозорда акцияларни оммавий жойлаштириш (IPO) бўйича «жиддий вазифа» қўйилганини айтди. Бу иш билан Uzbekistan Airways қошида ташкил этилган трансформация офиси шуғулланмоқда.