Бугун 26 июль, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар билан танишди



Ҳозирда фуқаролар иш ҳақининг 0,1 фоизи жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилади. Ушбу маблағларга ҳисобланадиган йиллик 10 фоизлик даромад банк омонатларидан қарийб икки баробар кам.

Шу муносабат билан мазкур тизимнинг жозибадорлигини ошириш ва аҳолини унда фаол иштирок этишга рағбатлантириш бўйича янги механизмлар таклиф қилинди.

Хусусан, ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмгача (пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 баравари) бўлган фуқаро жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат томонидан қўшимча яна 2,5 фоиз миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

Ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун эса тўланган ижтимоий солиқнинг шу миқдордан ошган қисмининг 1 фоизини уларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиш режалаштирилмоқда.

Пенсия миқдорини ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Амалда пенсия охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги беш йиллик иш ҳақидан ҳисобланади. Шунингдек, иш ҳақининг 6 миллион сўмдан юқори қисми ҳисобга олинмайди. Бу айрим ҳолларда фуқаролар пенсиясининг ўртача миқдори пасайишига олиб келмоқда.

Шу боис пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш ҳамда паст даромад олинган айрим даврларни ҳисобдан чиқариш таклиф қилинди.

Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегарасини ҳозирги 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмга ошириш кўзда тутилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, янги тартиб асосида пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсия миқдори ҳозиргига нисбатан 8 фоизга ошириши мумкин.

Давлат раҳбари пенсия тизимидаги ўзгаришлар миллионлаб фуқароларнинг ҳаёти ва келажагига дахлдор эканини таъкидлаб, ҳар бир таклифнинг ижтимоий ва иқтисодий таъсирини пухта ҳисоб-китоб қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Бундай масалаларни аҳоли, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва блогерларни жалб қилган ҳолда очиқ муҳокама қилиш, ислоҳотларнинг мақсади ва кутилаётган натижаларини фуқароларга аниқ тушунтириш вазифаси қўйилди.

Киритилди: 17:03 14.07.2026. Ўқилди: 1742 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!