Кун тартибида – маҳаллаларда аҳоли даромадини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар ва 2026 йилдаги вазифалар.
Давлатимиз раҳбари бу йўналишда барча зарур молиявий ва ташкилий масалалар ҳал қилиб берилганини таъкидлади.
Жумладан, пастда ишларни тўғри ташкил қилиш, маҳаллама-маҳалла юриб, янги ташаббусларни топиб, одамлар ҳаётини яхшилашга масъул бўлган вилоят, туман ҳокимлари ва улар ходимларининг моддий ва техник имкониятлари тубдан яхшиланди.
–Энди вазирлар, ҳокимлар, раҳбарлар ўзига савол берсин: шунча яратилган шароитдан, имкониятдан қай даражада фойдаланяпти? Нима натижа қиляпти? Ислоҳотларимиз натижаси ҳар бир оилага, ҳар бир хонадонга кириб боряптими? Одамлар буни қандай ҳис қиляпти?
Бундай саволлар кўп. Барча раҳбарлар тайёр турсин. Йил тугаяпти, бугун натижаларни таҳлил қилиб, айримларга нисбатан хулоса қиламан, – деди Президентимиз.