Бугун 14 май, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Президент Осиё хотин-қизларининг иккинчи форуми иштирокчиларига мурожаат йўллади​​​​​​​

Президент Осиё хотин-қизларининг иккинчи форуми иштирокчиларига мурожаат йўллади​​​​​​​

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида ўтаётган Осиё хотин-қизларининг иккинчи форуми иштирокчиларига мурожаат йўллаб, аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг устувор йўналиши эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари форумда иштирок этаётган БМТ, халқаро ташкилотлар ва Осиё давлатлари парламент делегацияларига миннатдорлик билдирди. Унинг қайд этишича, Осиё халқларининг муштарак тарихи ва қадриятлари хотин-қизлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Президент сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш бўйича ҳуқуқий ва институционал асослар яратилганини айтди. Хусусан, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партияларда эса 49 фоизга етгани таъкидланди.

Мирзиёев форумда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббусларни таклиф қилди.

Жумладан, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ўргатувчи, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватловчи махсус платформа ташкил этиш таклифи билдирилди.

Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатлар тадбиркор аёллари ўртасида бизнес форумлар ва халқаро тренингларни мунтазам ўтказиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, форум доирасида оила институтини тадқиқ этиш бўйича илмий муассасалар тармоғини шакллантириш ва илғор тажрибалар алмашинувини йўлга қўйиш таклифи ҳам илгари сурилди.

Маълумот учун, 2025 йилда 2,6 миллион нафар хотин-қизнинг даромадли меҳнат билан банд бўлишига кўмаклашилган. Шунингдек, мамлакат «Аёл, бизнес ва қонун» халқаро индексида 43 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллаган.

Президент форум Осиёда қарор қабул қилиш жараёнларида аёллар ролини кучайтиришга хизмат қиладиган доимий мулоқот майдонига айланишига ишонч билдирди.

Киритилди: Бугун 13:35. Ўқилди: 237 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!